Ижтимоий тармоқларда Россияда фаолият олиб борувчи, ўзини Ўзбекистон фуқаросиман, деб таништирган шахс «Ўзбекистонда аёлим вакцина олиб, ўлим ёқасида!» деб айтган видеомурожаат тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга муносабат билдирди.
Унда айтилишича, ушбу фуқаронинг мурожаати бўйича Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида дастлабки ўрганишлар олиб борилмоқда. Айни дамда мурожаатчининг манзили ва шахси аниқ кўрсатилмаганлиги туфайли телефон орқали мурожаат бўлганлиги тасдиқланмаган.
Шунингдек, Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси беш ойдан бери давом этаётган вакцинация жараёнида эмланган фуқароларда бирор маротаба жиддий ножўя таъсир бўлмаганлигини маълум қилган.
«Бошқармага ҳеч бир фуқародан вакцина сабаб ножўя таъсирлар борасида мурожаат келиб тушмаган.
Сизлардан шуни сўраб қоламизки, мабодо юқоридаги каби ҳолатлар кузатилса, яшаш манзилингиз, ўзингиз ва яқинларингиз тўғрисида тўлиқ маълумот берсангиз, тезкорлик билан ўрганиб, ҳолат бўйича батафсил маълумот берамиз», — дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида вакцина олгандан сўнг аҳволи оғирлашган фуқаро ҳақида видеолавҳа тарқалгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вазиятни назоратга олгани, унинг аҳволини ўрганиш, бу ҳолат нима сабабдан юз берганига аниқлик киритиш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ ССВ хоразмлик аёлнинг саломатлигидаги ўзгаришлар коронавирусга қарши эмлаш билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, «Наманганда вакцина олган аёл гапирмайдиган, ўрнидан туролмайдиган бўлиб қолди» мазмунида хабар тарқалди. Вазирлик яна баёнот билан чиқиб, аёл вакцинанинг фақатгина битта дозасини бундан икки ой олдин олганини, шу маълумотнинг ўзиёқ фуқаронинг соғлиғидаги ўзгариш эмлаш жараёнларига мутлақо боғлиқ эмаслигини аниқ кўрсатишини маълум қилди ва провокацион ва фейк хабарлар тарқатиб, аҳоли орасида вакцинация жараёнларига ишончсизлик пайдо қилишга уринишдан тийилишни сўради.
Изоҳ (0)