Ўзбекистон қонунчилигида 2021 йил 1 сентябрдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради. Қуйида мамлакатда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар тақдим этилди.
Ўзбекистонда 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори оширилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади.1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 2 750 000 сўм этиб белгиланади.
Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 440 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгиланади.
Ўзбекистонда болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловлари оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш бўйича фармон билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб амалда бўлган кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилади.Бунда, ушбу нафақани тайинлашда:
- болалар ёши меъёри 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;
- тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилади;
- нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади;
- фарзанди бўлмаган ёки фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.
- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 250 000 сўм (+56 000 сўм);
- 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 325 000 сўм (+131 000 сўм);
- иккинчи фарзанди учун қўшимча – 150 000 сўм (+186 000 сўм);
- учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун – 100 000 сўмдан (амалдаги 190 минг сўмдан 290 минг сўмгача кўп);
- моддий ёрдамнинг миқдори – 380 000 сўм.
Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсация тўланади
«Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар labor-migration дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсация тўланади. Қарорга биноан:- хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);
- йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);
- ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 миллион 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.
- меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро labor-migration дастурий мажмуаси орқали масофавий тарзда ёки бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказларига ариза билан мурожаат қилади;
- ариза Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Айрим спортчи-тренерларга 2 миллион 450 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади
Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган спортчи-тренерларга:- спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади;
- спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилади;
- камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда БҲМнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.
Педагог кадрлар малака тоифасини бериш бўйича аттестация йил давомида ўтказилади
Малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади.Узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқалар) аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар ишга қайтганига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади ва мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолинади (ўз ташаббусига кўра аттестациядан ўтмоқчи бўлган педагог кадрлар бундан мустасно).
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактаблар 500 миллион сўмгача рағбатлантирилади
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида Президент соврини таъсис этилади.Бунда, соврин учун мусобақалар умумтаълим мактаблари ўртасида қуйидаги уч босқичда ташкил этилган ҳолда:
- биринчи босқич – туман ва шаҳарларда ўтказилиб, ғолиблар 100 млн сўмгача;
- иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, ғолиблар 250 млн сўмгача;
- учинчи босқич – республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар 500 млн сўмгача пул маблағлари билан мукофотланади.
Электрон онлайн аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади
«E-auksion» электрон савдо платформасидаги электрон онлайн аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади.Бунда:
иштирокчиларга, шу жумладан, чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;
- объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;
- аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;
- хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;
- сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
- аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади (тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга);
- аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.
Ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади
«Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинади.
Гул кўчатлари импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи қопланади
Ўзбекистон Президенти қарори билан Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилган.Ҳужжатга кўра, унинг фаолиятини ташкил этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм ажратилади.
Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманлари, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманлари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.
Гулчилик соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш мақсадида:
- 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ОТМларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
- 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига гулчиликка оид мутахассислик фанлари киритилади ва уларнинг ўқув соатлари оширилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълимда қўшимча имтиёз ва ёрдамлар берилади
«Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган.Унга кўра:
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;
- техникум, коллеж, академик лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 225 минг сўм) миқдорида субсидиялар ажратилади;
- ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг тегишли йўналишлар бўйича курсларда ўқиш харажатлари бир йилда БҲМнинг 20 бараваригача (4 млн 900 минг сўмгача) миқдорда компенсация қилинади;
- ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳар 3 йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинади
«Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига кўра:- давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади;
- иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади;
- нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳар 3 йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинади.
Давлат ташкилотларида очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби жорий қилинади
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилади.Хорижий давлатларга чиқадиган транспортлардан ташқари барча транспортларга техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинади
«Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган.Қарорга кўра, транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобил техник назорат линияларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади.
2021 йил 1 сентябрдан жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги автотранспортларни тадбиркорлар – юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобил техник назорат линияларидан фойдаланилади.
2021 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларга чиқадиган транспортлардан ташқари барча транспортларга техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинади.
Қарор билан, шунингдек, Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, транспортлар қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:
- тижорат асосида йўловчилар ташувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспортлар ва уларнинг тиркамалари – бир йилда икки марта;
- ишлаб чиқарилганига 6 йилдан кўп бўлмаган транспортлар – икки йилда бир марта;
- ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспортлар – бир йилда бир марта;
- тиркамалар техник кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда;
- навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида.
Изоҳ (0)