Қашқадарё вилояти Китоб туманида вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланиб келган она-бола аниқланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизматига таяниб, NasafNews хабар берди.
Маълум қилинишича, «Денов» маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.К. ўзининг яшаш уйида Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи икки нафар вояга етмаган болага ҳамда унинг 19 ёшли қизи М.С. мактаб ёшидаги 11 нафар ўқувчи қизларга яшаш ва ўқиши учун белгиланган талабларга жавоб бермайдиган жойда, ҳужра шароитида диний таълим бериб келган.
Маълумотларга кўра, ўрганишлар давомида фуқаро Ф.К. ва унинг қизи М.С. ҳеч қандай расмий диний маълумотга эга эмас.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан вояга етмаган ўқувчиларга руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилгани ёки ўтказилмагани, тақиқланган ғояларни сингдирилгани ёки сингдирилмаганлик ҳолатлари текширилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 25 нафар болага ноқонуний диний сабоқ бериб, уларни калтаклаган ака-укалар ушлангани, Самарқанд вилояти ИИБ масжидларнинг бирида вояга етмаган бола сўроқ қилингани тасвирланган видеога изоҳ бергани, Гулистонда мактаб ўқувчиларига ноқонуний диний таълимдан дарс бериб келган аёллар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)