Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Наманганда вакцина олган аёл гапирмайдиган, ўрнидан туролмайдиган бўлиб қолди» мазмунида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар «Барака» маҳалласида яшовчи аёл вакцина олганидан сўнг, фалаж ҳолатга тушиб қолгани айтилган видео тарқалди.
Вазирликнинг маълум қилинишича, Наманган шаҳрида яшовчи аёл З.А. билан боғлиқ ҳолат шу вақтнинг ўзидаёқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган. Тезкор ишчи гуруҳ тузилган, вазият бевосита ўрганилмоқда.
Дастлабки ўрганишларга кўра, 1968 йилда туғилган фуқаро З.А. коронавирусга қарши вакцинанинг фақатгина битта дозасини бундан икки ой олдин, яъни 28 июнь куни олгани маълум бўлган. Шу маълумотнинг ўзиёқ фуқаронинг соғлиғидаги ўзгариш эмлаш жараёнларига мутлақо боғлиқ эмаслигини аниқ кўрсатади.
Айни дамда фуқаро З.А.нинг ҳолати тўлиқ тиббий назоратга олинган. Вазият юзасидан ўрганишлар якунлангач, қўшимча маълумот берилади.
«Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу каби провокацион ва фейк хабарлар тарқатиб, аҳоли орасида вакцинация жараёнларига ишончсизлик пайдо қилишга уринишдан тийилишни сўраб қолади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида вакцина олгандан сўнг аҳволи оғирлашган фуқаро ҳақида видеолавҳа тарқалгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вазиятни назоратга олгани, унинг аҳволини ўрганиш, бу ҳолат нима сабабдан юз берганига аниқлик киритиш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ ССВ хоразмлик аёлнинг саломатлигидаги ўзгаришлар коронавирусга қарши эмлаш билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.
Изоҳ (0)