Бухоро вилояти Когон туманида аввал ҳам судланган шахс фуқаро хонадонидан катта миқдорда пул ўғирлади, дея хабар қилмоқда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Когон тумани ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2021 йилнинг 23 июль куни соат 11:00 дан 12:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Когон тумани «Туткунда» маҳалласи Шейхон қишлоғида яшовчи, 1969 йилда туғилган тадбиркор аёл А.Н.нинг яшаш уйига девор орқали ғайриқонуний равишда кириб, унинг хонадонидан 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ва жами баҳоси 36 700 000 сўмлик тилла тақинчоқларини яширин равишда талон-торож қилиб, жабрланувчига жами 68 495 980 сўмлик моддий зарар етказиб, воқеа жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Когон тумани ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой синчковлик билан кўздан кечирилиб, кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган ҳолда номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўғрилик содир этган шахс «Туткунда» маҳалласига хавфсиз маҳалла тамойили асосида ўрнатилган камералардан бирига тушиб қолган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари, шунингдек, маҳалла ҳудудидаги видеокамералар тасвирлари юзасидан ўтказилган тезкор-техник тадбирлар давомида ушбу жиноятни асли Қашқадарё вилояти Муборак туманида рўйхатда турувчи, муқаддам тўрт маротаба ўғрилик жиноятини содир қилган, бугунги кунда Муборак тумани ички ишлар бўлими пробация хизмати назорати остида турувчи, Бухоро шаҳар Мирдўстим кўчасида вақтинча яшаб келаётган 1991 йилда туғилган, хавфли рецидивист Х.А. исмли шахс содир қилганлиги фош этилди.

Жиноятни фош этиш жараёнида у рўйхатда турувчи ҳамда вақтинчалик истиқомат қилиб келаётган яшаш манзилларида тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилганда, жиноятга алоқадор бир қанча ашёвий далиллар аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирги кунда ушбу шахснинг Қашқадарё ҳамда Бухоро вилоятининг турли ҳудудларида содир этган 4 та ўғрилик жинояти фош этилиб, айбланувчи Х.А.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва унинг бошқа шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.