Навоий вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 1 ой бўлган йигит одам уриб кетди, дея хабар қилмоқда Навоий ЙҲХБ ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, дўсти билан PlayStation ўйнаш учун отасига тегишли бўлган Malibu русумли машинада йўлга чиққан йигит светофорнинг тақиқловчи чироғига эътибор бермай, ҳаракатни давом эттирган.
Оқибатда йўлдан ўтаётган аёлни уриб кетган. Аёл шифохонада вафот этган.
«Кимнидир турмуш ўртоғисиз, кимнидир онасиз қолдириш, тирик инсонни ўлимига сабабчи бўлиш жуда ҳам оғир. Минг пушаймон чекяпман. Илтимос, тезликни оширманглар светофор чироқларига, йўл қоидаларига амал қилинг. Бўлмаса, менга ўхшаб виждон азобида қоласиз», – дейди ҳайдовчи.
Воқеа қачон ва вилоятнинг қаерида содир бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.
Бундан аввал Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқарувидаги «Волга» ЙТҲга учрагани, Сурхондарёда 22 ёшли йигит отасига тегишли машинада ЙТҲга учраб, ҳалок бўлгани ҳамда Юқори Чирчиқ тумани ҳокимига тегишли машина уриб юбориши оқибатида 16 ёшли қиз вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)