Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги боғчада 12 август куни 25 нафар бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Мактабгача таълим вазирлиги интоксикация синдроми белгилари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилган жами тарбияланувчилар сони 30 нафарга етганини маълум қилди.
Қайд этилишича, 13 август куни яна 5 нафар тарбияланувчида касалликнинг клиник белгилари кузатилганлиги учун тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
13 август куни соат 16:00 соат ҳолатига кўра, 9 нафар тарбияланувчи тор доирадаги мутахассислар кўригидан сўнг қониқарли аҳволда яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб, уйларига рухсат берилган. Тиббиёт муассасаларида жами 21 нафар тарбияланувчи даволанишда қолган. Улардан 1 нафарининг ҳолати ўта оғир, 1 нафари оғир, 6 нафари ўрта оғир ва 13 нафар беморнинг ҳолати эса ўртача баҳоланмоқда.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб, касалхонага ётқизилган тарбияланувчилар клиник кўринишларига кўра «ботулизм» ташхисида гумон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)