Сўнгги 72 соат ичида Афғонистоннинг учта вилоятида 27 нафар бола ҳалок бўлди, яна 136 нафари яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) маълум қилди.
ЮНИСЕФ қайд этишича, Афғонистонда болалар ҳуқуқлари ҳам «Толибон» ҳаракати жангарилари, ҳам афғон ҳукумати томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.
Афғонистоннинг Қандаҳор, Хост ва Пактия вилоятларидаги тўқнашувлар оқибатида 27 нафар бола қурбон бўлган. Бундан ташқари, шу даврда содир бўлган зўравонликлар туфайли 136 бола жабрланган.
«Болаларга нисбатан зўравонликнинг шиддат билан ўсиб бориши хавотир уйғотади. Болалар устидан зўравонлик жиноят ҳисобланади, шу сабабли юзага келган вазият жиддий ташвишни келтириб чиқаради», — дейилади фонд хабарида.
Зиддиятлар кучайган тақдирда, афғонистонлик болалар келажаги хавф остида қолиши таъкидланди.
«Толибон» ҳаракати жангарилари ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар Афғонистоннинг кўплаб вилоятларида икки ҳафтадан буён давом этмоқда. Сўнгги тўрт кун ичида олтита маъмурий марказ «Толибон» назорати остига ўтди.
Афғонистон ҳукумати эса жами 34 та маъмурий марказнинг 28 тасини ҳамон назорат қилмоқда.
Изоҳ (0)