Беларусь президенти Александр Лукашенко 9 август куни оммавий ахборот воситалари, экспертлар уюшмаси ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан «Катта суҳбат» ўтказди. Матбуот анжуманида у намойишларни тарқатиш учун армиядан фойдаланиш имконияти, хавфсизлик кучларига берилган буйруқлар ва Ғарб босими туфайли «учинчи жаҳон уруши» келиб чиқиши хавфи ҳақида гапирди. Лукашенкони нима қўрқувга солган ва Беларусдаги норозилик намойишлари нега ҳеч иш бермади — бу ҳақда «Gazeta.ru» мақола тайёрлади.
Беларусь президенти Александр Лукашенконинг маълум қилишича, 2020 йилги президентлик сайловидан кейин вазиятни беқарорлаштиришга бўлган уринишлар «қизил чизиқ»дан анча ўтиб кетадиган бўлса, у армияни ишга солишга тайёр бўлган. Шу билан бирга Беларусь раҳбари мамлакат ўтган йилги инқирозни енгиб чиққанини таъкидлади.
«Агар улар ‘қизил чизиқ’ни шунчаки кесиб ўтмасдан балки, ундан анча ўтиб кетганини кўрмаганимда эди, армияни ҳаракатга келтириш учун бирор туким қилт этмаган бўларди. Лекин биз буни уддаладик», — деди Лукашенко.
Беларусь президентининг матбуот анжумани 2020 йилги президент сайловларининг бир йиллигига бағишланди. Сайловдан кейин бутун мамлакат бўйлаб оммавий намойишлар бўлиб ўтганди. Намойишчилар Лукашенконинг навбатдаги ғалабасини тан олмади, мухолифатчи сиёсатчи Светлана Тихановскаяни сайлов ғолиби деб атади.
Намойишлар ҳуқуқ -тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келди, юзлаб одамлар ҳибсга олинди ва қамоққа ҳукм қилинди, мухолифат аъзоларининг аксарияти Польша ёки Литвага кетишга мажбур бўлди. Ғарб сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва Беларусга қарши оғир санкциялар жорий этди.
Лукашенко намойишларни Ғарб кураторлари бошқарганини, уларнинг мақсади Беларусда тўнтариш ўтказиш бўлганини яна бир бор таъкидлади.
«У ердан зарба, Беларусь орқали ҳар доимгидек, Россиянинг юрагига берилди. Россия президенти ва мен улар биздан нимани хоҳлаётганини дарҳол англадик. Ростини айтсам, ҳеч ким ҳеч кимга югурмади ва ҳеч ким ҳеч кимни қутқармади. Владимир Владимирович Путинга балли, у ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини, нималар юз бераётганини кўриб турганини айтди. Мен эса кутинг, ҳозирча буни ўзим эплайман, деб айтдим. Эпладим ҳам» — деди Лукашенко.
«Буйруқларни шахсан ўзим бердим»
Норозилик намойишлари ҳақида гапирар экан, Беларусь президенти намойиш авжига чиққан пайтда 46 мингдан ортиқ одам тўпланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мухолифат фотосуратлар орқали манипуляция қилиш билан намойишчилар сонини ошириб юборган.
«Сурат ясаш муаммо эмас, у таъсирли кўринади. Рақамларга келадиган бўлсак, улар мен учун жуда ёқимсиз сюрприз бўлди. Беларусда ҳеч қачон бунчалик кўп одамлар кўчага чиқмаган. Бу бошқача фикр юритадиганларнинг ўндан бир қисми, яъни улар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Шуни биламанки, мамлакат аҳолисининг 10 фоизга яқини ҳеч қачон менга овоз бермаган», — дея қўшимча қилди Лукашенко.
Беларусь раҳбарининг фикрича, унга Минскнинг Россиядан мустақил бўлишини истаган миллатчилар қаршилик кўрсатмоқда, шунингдек, намойишларда радикал жангарилар ва ёшлар — «мактаб болалари ва бекорчилар» қатнашган.
Шу билан бирга, Лукашенко норозилик намойишлари пайтида тартибни тиклаш ҳақидаги буйруқ шахсан ўзи берганини тан олди. Шунингдек, Беларусь раҳбари, ҳибсга олинган намойишчиларга нисбатан ёмон муносабатда бўлингани, жумладан Окрестин кўчасидаги вақтинчалик ҳибсхонада улар қийноқларга солингани ҳақидаги айбловлар «сохта» ва «ҳақиқатга тўғри келмаслигини» таъкидлади.
«Қулоқ солинг, нега уларни (ҳибсга олинган намойишчиларни) қийноққа солиш керак? У ерда тергов ўтказилмаган, нега у ердаги одамларни қийноққа солиш керак? Агар кимнидир бирор жойи кўкарган бўлса, улар буни кўчада Ички қўшинлар ва ОМОНга ўзини урган пайтда орттирган, улар жароҳатларидан кейин ҳибсга олинган», — дея хулоса қилди Лукашенко.
Бундан ташқари, Беларусь президенти репрессия сиёсатини юритмаслигини ва диктатор эмаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Беларусда ҳеч қандай репрессия бўлмаган ва бўлмайди, чунки бу давлатга ва шахсан унинг ўзига фақат зарар етказиши мумкин – «Мен ўз оёғимга, айниқса, бошимга ўқ узмайман»
«Тез орада кетаман»
Беларусдаги норозилик намойишлари натижаларидан бири шундай бўлгандики, мамлакат конституцияни ўзгартиришга ваъда берилган, шунингдек, Лукашенко президентлик ваколатларининг бир қисмини ҳукуматнинг бошқа тармоқлари фойдасига қайта тақсимлашга тайёрлигини айтган. Президент бу масалани «Катта суҳбат» чоғида бир неча бор кўтарди.
«Биз президент даражасидаги лойиҳа даражасида ишлаб чиқиладиган Конституцияни тузиш бўйича очиқ ва ҳалол референдум ўтказишимиз керак, у бу лойиҳа билан таништиради ва биз уни омма эътиборига ҳавола қилиш учун нашр этамиз. Биз буни мукаммал қилиб амалга оширамиз», — дея қўшимча қилди Лукашенко. У овоз бериш 2022 йилнинг февралидан кечиктирилмаслигига ваъда қилди.
Президентнинг сўзларига кўра, фуқароларни янги конституция матни билан таништиргандан сўнг, унга ҳар қандай ўзгартириш киритиш зарур бўлиши мумкин.
У, шунингдек, янгиланган асосий қонунда, «акаси» Россиядаги қонунчилик каби Беларусь қонунчилигининг ҳам халқаро қонунлардан устуворлиги мустаҳкамланишини истисно қилмади.
Бундан ташқари, Лукашенко янги конституцияда стратегик ваколатларнинг бир қисми Бутун Беларусь халқ ассамблеясига берилиши кераклигига, Конституциявий суд ходимларини президент томонидан тайинлаш йўли билан эмас, балки парламент орқали тузиш мумкинлигига ишонади
Шу билан бирга, Лукашенко «тез орада» президентликдан кетишни ва ўз ўрнини бошқа бировга бўшатиб беришни ваъда қилди. Бироқ, Беларусь раҳбарининг сўзларига кўра, у ўз лавозимини айнан қачон тарк этиши ҳақида фол очиш шарт эмас.
«Мен бу мамлакат билан, у эса мен билан чамбарчас бўлиб кетди. Мен қандай яшашни тушунмаяпман: нафақага чиқиш ёки бошқа иш билан шуғулланиш — буни ҳозирча тасаввур қила олмаяпман. Аммо бу мен бу курсига жон-жаҳдим билан ёпишиб оламан, дегани эмас. Йўқ. Мендан кейин бошқалар келади, ҳатто жуда тез орада. Лукашенконинг қачон кетишини тахмин қилиш ва ҳоказоларнинг ҳожати йўқ. Тез орада», — дея қўшимча қилди Беларусь президенти.
Лукашенконинг фикрича, Беларусда бир йил олдин юз берган сиёсий ғалаёнлар шуни кўрсатдики, мамлакатда ундан кейин давлатни бошқаришга қодир бўлган 15-20 киши бор.
«Ғарбнинг учинчи жаҳон уруши»Беларусь президентининг журналистлар, экспертлар ва жамоат арбоблари билан мулоқотининг кўп қисми Ғарбга, хусусан, норозилик намойишларидан кейин Минскга қўйилган санкциялар босимига бағишланди. Шунингдек, баҳорда РянАир самолётининг фавқулодда қўниши, Беларуснинг Литва ва Латвия билан чегарасидаги миграцион инқироз билан боғлиқ ҳодиса учун киритилган чекловлар ҳақида сўз кетди.
Охирги пункт ҳақида гапирар экан Лукашенко Минскнинг инқирозни сунъий равишда вужудга келтираётгани, Осиё ва Африкадан келган муҳожирларни қўшни давлатлар чегараларига юбораётгани ҳақидаги гумонларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, Беларусь ноқонуний миграция орқали ҳеч кимни шантаж қилмайди.
«Ноқонуний миграция. Йўқ, биз ҳеч кимни шантаж қилмаймиз. Биз ҳеч кимга таҳдид қилмаймиз. Агар чегарадагилар тинчланиб олмаса, бунинг оқибати бутунлай уларнинг ўзига урилади, чунки улар чегарада бу ҳаракатларни атайин амалга оширмоқда. Улар менинг сабр-тоқатимни синаб, мени қасос олишга ундамоқда», — деди Лукашенко.
Ғарб билан муносабатлар ҳақида гапирар экан, Беларусь президенти Минскнинг Ғарб давлатлари билан мулоқоти ҳеч қачон тўхтамаганини таъкидлади. Шунингдек, у Беларусь томони мувозанатли ва тинч музокараларга чақираётганини қўшимча қилди.
«Санкциялар учун қўлга болта ва паншахалар олиш шарт эмас. Бундан ташқари, улар тескари таъсир кўрсатиши мумкин. Сиз (Ғарб давлатлари) учинчи жаҳон урушини бошлайсиз. Сиз бизни ва россияликларни ҳам бунга мажбурлаяпсизми? (бу зиддиятда) ғолиб томон бўлмайди, агар бўлган тадирда ҳам у сиз бўлмайсиз. Шунинг учун ўзингизни босинг. Санкцияларми? Майли, киритаверинг. Кутамиз — кўрамиз, ўзингизга келиб олмаслигингиз нималарга олиб келаркан», — деди Лукашенко.
Беларусь президенти Россия Қуролли кучларини мамлакат ҳудудига жойлаштиришининг сабабларидан бири сифатида янги жаҳон урушининг бошланиш хавфини кўрсатди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Россия базаларини яратишга ҳожат йўқ. «Агар керак бўлса, бу ерда нафақат база бўлади, балки Россия Федерациясининг барча Қуролли кучлари жойлаштирилади. Агар керак бўлса. Қандай шароитда? Янги жаҳон урушини бошлаш хавфи туғилганда. Ҳозир Россия пул сарфлаб, бу ерда базалар яратадими? Бунинг нима кераги бор?», — дея мавзуни ёпди Лукашенко.
«Мухолифат ичидаги муттаҳамлар»
Оммавий норозилик намойишлари бошланганидан бир йил ўтиб, айтиш мумкинки, уринишлар муваффақиятсиз тугади, бунга ҳатто мухолифат ҳам кўнди — собиқ президентликка номзод Светлана Тихановскаянинг сўзларига кўра, «жуда қимматга тушиши» сабабли бошқа оммавий намойишлар ўтказилмайди.
«Gazeta.ru» билан суҳбатлашган мутахассислар, намойишларнинг муваффақиятсизликка учраши турли сабабларга боғлиқ, деган фикрга қўшилади. МДҲ мамлакатлари институти директорининг ўринбосари Владимир Жарихиннинг фикрича, норозилик намойиши раҳбарлари ва унинг иштирокчилари Беларусь аҳолисининг катта қисми фикрини ифодалаган, аммо бу мамлакат фуқароларининг кўпчилигини ташкил қилмайди.
«Беларусь аҳолиси Украинадаги давлат тўнтариши шаклидаги норозилик намойиши мисолида бундай ҳаракатлар жуда оғир бўлишини кўрди, шунинг учун ҳам мухолифатга хайрихоҳ бўлган сиёсий ва иқтисодий элитанинг бир қисми буни ўта хавфли деб ҳисоблади. Улар тўнтариш уларга ҳам зарба бериши мумкин деган хулосага келди, шунинг учун қўллаб -қувватлашни тўхтатди», — дея қўшимча қилди эксперт.
Жарихиннинг фикрича, Лукашенко кун келиб президентликдан кетади, лекин ҳукуматни зўравонлик билан ағдариш деярли имконсиз — бунда элиталарнинг бир қисми иштирок этиши керак ва ҳозирча воқеаларнинг бундай ривожланишига ҳеч қандай замин йўқ.
Шу билан бирга беларуслик сиёсатшунос Дмитрий Болкунецнинг фикрига кўра, умуман олганда, ўтган йилги норозилик намойишларини ҳеч ким тайёрламаган; аслида бу қўзғолон эди, бунга анъанавий мухолифат ва тегишли партия тузилмалари тайёр эмас эди.
«Шубҳасиз, одамлар ҳокимиятни қандайдир тинч йўл билан ўтказилишига умид қиларди. Агар август ойида радикаллашув юз бериб, бинолар эгаллаб олинганида, эҳтимол Лукашенко қулаган бўларди. Аммо бўлар иш бўлди», — деди эксперт.
Мухолифат томонидан бой берилган имкониятга келсак, мухолифат лагерида Лукашенконинг кетишидан унчалик манфаатдор бўлмаган кучлар бор, деб давом этди Болкунец, улар кўп йиллар давомида Ғарб грантларидан маблағ олган ва молиявий таъминотдан айрилишни истамайди.
«Бу мухолифатдаги муттаҳамлар деб аталади, агар Лукашенко кетса, улар таъминот манбасидан жудо бўлади — кўпчилик учун бу оилавий бизнесга айланган ва одамлар кўп йиллар давомида шу орқали кун кечирган. Лукашенко билан ҳақиқатан ҳам курашаётган мухолифатчилар энди фаол сиёсий кураш олиб бора олмайди. Лукашенко тинч турмайди, олдинга силжийди ва имкон қадар мамлакат ичидаги мухолифат ҳаракатини парчалаб ташлайди, ахборот майдонида тозалаш ишларини олиб боради ва бунга қаршилик қилганларни ҳибсга олади», — дея хулоса қилди эксперт.
Изоҳ (0)