Шавкат Мирзиёев 9 август куни тадбиркорлар билан учрашувга тайёргарликнинг бориши бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар тадбиркорлардан 13 минг 500 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган. Бу борада тузилган республика штаби аъзолари уларни бирма-бир ўрганиб, ҳар куни муҳокама қилиб бормоқда. Тадбиркорлар кўтарган 12 мингдан зиёд шахсий масалаларнинг ярмидан кўпи ҳозирги кунгача ҳал этилган.
Йиғилишда таъкидланишича, 2021 йилнинг етти ойида ажратилган кредитлар ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 92 триллион сўмни ташкил қилган. Шунга қарамай, тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкалари ва муддати қисқалиги тадбиркорлар учун энг долзарб масала экани аён бўлмоқда. Мурожаатларнинг 42 фоизи шу соҳага оид.
Президент иқтисодиётга узоқ муддатли ресурсларни олиб келиш, долларлашув даражасини камайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Иккинчи долзарб масала ер ва бино ажратиш билан боғлиқ. Бундай мурожаатлар 21 фоизни ташкил этган. Тадбиркорларга бу борада имкониятларни кенгайтириш учун ҳудудларга ишчи гуруҳлар юбориб, 2021 йил 1 сентябрдан аукцион савдоларига чиқариладиган ер майдонлари ва бинолар рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, лицензия ва рухсатномалар олиш бўйича мингга яқин мурожаатлар келиб тушгани бу йўналишда тизимли муаммолар сақланиб қолганини кўрсатмоқда. Шунингдек, мурожаатлардан инфратузилмага уланиш борасида ҳам кўплаб муаммолар борлиги маълум бўлмоқда.
Хабарга кўра, солиқ ва божхона соҳалари, имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга оид масалалар ҳам таҳлил қилинган. Давлат раҳбари ҳар бир мурожаатни алоҳида назоратга олиб, уларга тўлиқ ечим топиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтиши ва шу сабаб таклифлар 31 июлгача қабул қилиниши айтилганди. Кейинроқ тадбиркорларнинг Шавкат Мирзиёевга мурожаатларини қабул қилиш муддати 10 августга қадар узайтирилди. Ушбу тадбирда тадбиркорлар олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, республикада бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинади.
Изоҳ (0)