Самарқанддаги боғчада 1 ёшли гўдак калтаклангани айтилган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унда боланинг ўнг қулоқ чаккаси қизариб, кўкариб кетганини кўриш мумкин.
Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати 7 август куни бунга муносабат билдириб, бу ҳолат ҳозирча Самарқанд вилоятида рўй бермаганини, видеода қайси МТТ, қайси манзил эканлиги ҳам айтилмаганини билдирди.
Ундан бир кун ўтиб, вилоят ИИБ матбуот хизмати Самарқанд шаҳар Бўстонсарой кўчасида яшовчи Ш.Н. 5 август куни шаҳар ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, «Мечта» хусусий боғчаси тарбиячиси шу боғчада тарбияланадиган 1 ёшли фарзандини юзига урганини баён қилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сон ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, текширув якунига кўра қўшимча маълумот берилади.
Мавзуга доир:
- Самарқанддаги боғчада тарбиячиларнинг эътиборсизлиги сабаб 4 яшар бола калтакланди
- Фарғонада боғча болаларини тинчлантириш учун темир қошиқдан фойдаланиб, 4 ёшли боланинг бир кўзидан айрилишига сабабчи бўлган тарбиячига суд ҳукми ўқилди
- Наманганда боғчада танасининг 70 фоизи қайноқ сувдан куйган бола вафот этди. Ҳодиса рўй берганидан икки ой ўтиб жиноят иши қўзғатилди