Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида 4 яшар қизалоқ Tico уриб юборишидан вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар берди.
Воқеа 4 август куни туманнинг «Боғистон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4-Н-16 автомобиль йўлининг 7-километрида содир бўлган. Бошқа шахсга тегишли Tico’ни ишончномасиз, катта тезликда ҳайдаб кетаётган 22 ёшли йигит йўлни кесиб ўтаётган қизчани уриб юборган.
Оқибатда қизалоқ олган оғир тан жароҳатларида туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этган.
Маълум бўлишича, вафот этган қизалоқ ҳодиса содир бўлган маҳаллада холасининг уйига меҳмонга келган бўлган. У қаровсиз қолиб кетиши оқибатида автомобиль йўлига чиқиб кетган. Ҳайдовчи эса малакасизлиги, машинада белгиланган тезликдан ортиқ ҳаракатлангани оқибатида ушбу ЙТҲ содир бўлган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, уларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.