Олий Мажлис юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлиси олдидан 2021 йил 28 июль куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, қўмита ҳузурида ташкил этилган Эксперт гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Мажлисда Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди ва ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 6 ойида содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи фош этилган, қидирувдаги 1833 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилган.

Ўзбекистонда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмагани сабабли 2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган.

Оқибатда 3754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2021 йилнинг ўтган 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Шунингдек, мажлисда «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги ҳамда «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунлари ижроси ҳолати юзасидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига эътибор қаратилди.

Бундан аввал Тошкентда йўлдан ўтаётган 61 ёшли киши юк машинаси уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлгани, Тошкентда 17 ёшли йигит Nexia-2 уриб юбориши оқибатида вафот этгани ҳамда Тошкентда иккита Mercedes ва Nissan иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.