Россия Афғонистондаги вазият билан боғлиқ ҳолда Тожикистонга қўшимча қурол-яроғ ва ускуналар етказиб беришни йўлга қўйди, қуроллар бепул топширилади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан музокараларда айтиб ўтган. Шойгунинг сўзларига кўра, Москва зиддиятни ҳал қилиш учун Душанбега ҳар қандай зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр.

Фото: News.ru

«Тожикистон армиясини жиҳозлаш учун Россиянинг қўшимча қурол-яроғ ва техникаларини бепул етказиб бериш ташкил этилди», — деди Шойгу.

Мудофаа вазирининг қўшимча қилишича, Россия ҳарбийлари Тожикистонга малакали ҳарбий кадрлар тайёрлашда ҳам ёрдам бермоқда. Офицерлар Россиянинг ихтисослаштирилган олий ўқув юртларида ва Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасида тайёрланмоқда. Россиянинг чет элдаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланадиган мазкур ҳарбий база Душанбе ва Бўхтар шаҳарларида жойлашган.

Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий кучлари ушбу базанинг жанговар салоҳиятига эътиборни кучайтирмоқда. Мамлакатлар Афғонистондан жангарилар кириб келишининг олдини олиш учун биргаликда тайёргарлик кўрмоқда.

Шойгу Афғонистондаги воқеалар Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солса, 201-база қўшинлари мамлакатга ҳарбий ёрдам беришини ваъда қилди.

Шойгунинг сўзларига кўра, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатларнинг бирортасига хавф туғилган тақдирда, Россия жим қараб турмайди ва биринчи навбатда Тожикистон ҳудудидаги 201-база билан ҳаракатга киришади.

«201-база Марказий Осиёдаги КХШТ аъзоларининг барқарорлиги ва осойишталигини сақлаш учун ушбу минтақада турибди», — деди мудофаа вазири.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Афғонистон ҳудудида турли мамлакатлардан, шу жумладан, Сурия ва Ливиядан келган ИШИД жангариларининг фаол ҳаракатларини қайд этмоқда.

Аввалроқ Путин афғон-тожик чегарасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Тожикистонга ёрдам беришни ваъда қилганди.