2022 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти («загранпаспорт», «қизил паспорт»)ни расмийлаштириш ва бериш давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга ошириш йўлга қўйилади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳақда «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида белгиланди.

Фармон билан 2022 йил 1 январдан бошлаб бир қатор давлат хизматлари учун ундириладиган тўловлар камайтирилади ва айримлари учун тўловлар бекор қилинади.

Шу вақтдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига «загранпаспорт» олиш хизмати нархи базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 1 баравари (25 июль ҳолатига кўра — 245 минг сўм) этиб белгиланмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу хизмат учун тўлов миқдори БҲМнинг 1,2 баравари (25 июль ҳолатига кўра — 294 минг сўм)га тенг.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилмоқда.

ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. ID-карталарни бериш тизимли равишда 2021 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади.