Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни маданият, тиббиёт, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ, «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Термиз халқаро савдо маркази ташкил этилмоқда. Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида унинг бош режасини кўздан кечирган эди.
Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган ушбу марказ улкан ва кўп тармоқли бўлади. У ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, қарийб 1 миллион тонна юк сиғимига эга логистика маркази ва омборхоналар, 1 минг 600 квадрат метрлик экспо-марказ, шунингдек, иккита меҳмонхона, хостел, шифохона, автомобиль устахоналари ва бошқа объектлар барпо этилади.
Марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Халқаро савдо марказида махсус солиқ ва божхона режими, 10 кунгача визасиз тартиб, «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада ишлаб чиқариш ҳам, савдо ҳам ривожланади. Марказнинг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, экспорт қуввати 200 миллион доллар бўлиши мўлжалланган. Бу ерда жами 5 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратилиши мумкин.
Тадбирда Тошкент шаҳрида давлат объектларидан самарали фойдаланиш, Наманган вилоятида йўл бўйларида савдо ва хизмат шохобчалари ташкил этиш борасидаги режалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)