Сирдарё вилояти Сардоба туманида фуқарога банкдан кредит олиб беришни ваъда қилиб, ундан 24 миллион сўм сўраган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқаро автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил қилиш мақсадида «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида 240 миллион сўм кредит олиш учун «Агробанк»нинг туман филиалига мурожаат қилади. Бироқ банк ходимлари турли важлар билан унга кредит ажратишни кечиктириб келади.
ДХХ ва Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Агробанк»нинг Сардоба туман филиали иш ўрганувчиси ушбу кредитни олиб бериш эвазига 24 миллион сўм талаб қилиб, шундан 2 минг долларини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)