Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аэропортида транспорт полицияси самолёт бортида электрон сигарет чекаётган 32 ёшли Ўзбекистон фуқаросини аниқлади, деб хабар бермоқда Kazinform.
«Олмаота аэропортидаги полиция бўлимига Air Astana вакили томонидан Тошкент—Олмаота рейси йўловчилари орасида ҳуқуқбузар аниқлангани тўғрисида хабар келиб тушди. Етиб келганидан кейин аёл йўловчи далолатнома билан полицияга топширилди», — деди Полиция транспорт бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Калижан Кобландин.
Аёлга нисбатан Қозоғистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 441-моддаси 1-2-қисми (тамаки маҳсулотларини, шу жумладан, электрон тамаки ва улар учун суюқликларни самолёт бортида истеъмол қилиш) бўйича маъмурий баённома тузилган ва БҲМнинг 50 баравари миқдорида (145 850 тенге = 340 доллар) жаримага тортилган.
Бундан аввал Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқароси 12 ёшли қизни зўрлашда гумонланиб қўлга олингани, Олмаотадан 10 нафар ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир чиқариб юборилгани ҳамда Россияда ўзбекистонлик 15 ёшли қиз ва тожикистонлик 19 ёшли йигитнинг жасади топилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)