Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси тез ёрдам томонидан олиб кетилган коронавирусга чалинган беморларни топишга ёрдам берадиган махсус ботни ишга туширди, деб хабар беради «Potrebitel.uz».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, Тошкентда тез ёрдамда COVID-марказларга олиб кетилган фуқароларнинг қариндошлари уларни қидириб топишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Айниқса, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиши оқибатида бир шифохонадан бошқасига кутилмаганда кўчирилганида вазият мураккаблашяпти.

Шу сабабли Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси бу каби ҳолатларда фуқароларга қариндошларини топишга ёрдам берадиган @Zangiota2Bot махсус ботини ишга туширди.

«Гуруҳда Atlas’дан [коронавирусга чалинганларни тақсимлаш маркази — таҳр.] Зангиотага кўчирилганига 13 кун ўтган бўлса-да, отасини топа олмаётган қизнинг ҳикояси бор. Ҳатто ИИББга мурожаат қилинган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида ДХХ тасарруфидаги «Ёшлик» спорт мажмуасида, ИИВ тасарруфидаги «Универсал» спорт мажмуасида 700 койка-ўринга мўлжалланган COVID-марказ, «Ўзэкспомарказ»да 750 ўринли коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган марказ қайтадан ташкил этилгани тўғрисида хабар берилганди.