Массачусетс штатида ёввойи ҳайвонларни қутқариш маркази бор, марказ ёнида эса Арнольд лақабли Канада гўзи ва унинг жуфти яшайдиган кўл мавжуд. Қушлар узоқ йиллардан буён бирга яшаб келади, деб ёзади Meduza.
Одатда ёввойи ғозлар одамлардан масофа сақлаган ҳолда яшайди. Аммо яқинда марказ ходимлари Арнольд оқсашни бошлаганини ва тўғри жойда ҳам йиқилиб тушаётганини пайқаб қолган. Қўшнилар бундан хавотирга тушган. Қушни ушлаб, марказ ҳузуридаги ветеринария клиникасига олиб боришган. Арнольднинг панжасида жиддий жароҳат аниқланган. Афтидан, у сузиш вақтида тошбақага илиниб қолган. Жабрланган ёввойи ғозга антибиотиклар берилиб, эртаси кунига операция тайинланган.
Шифокорлар Арнольдни операцияга тайёрлаётган вақтда клиника эшигини кимдир тақиллата бошлаган. Бу ғознинг жуфти бўлиб чиққан — у қандайдир йўл билан нар ғозни қидириб топган ва ўзини ичкарига қўйишмаётганидан қаттиқ жаҳли чиққан. Операцияни унинг кўз остида ўтказишга тўғри келган (эшиклар шаффоф). Қуш бутун операция давомида диққат билан шифокорлар ҳаракатини кузатган ва эшикдан бир қадам ҳам силжимаган.
Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган. Арнольд анестезиядан сўнг ўзига келгач, унинг панжаси боғлаб қўйилган ва жуфти билан учрашишга рухсат берилган. Марказ ходимларининг сўзларига кўра, қушлар бир-бирини кўргач, тезда тинчланган. Икки ҳафтадан сўнг, Арнольд тўлиқ тузалиб кетади ва улар яна кўлда бирга яшаши мумкин.
Аввалроқ британиялик аёл аквариумдаги шеригини емоқчи бўлиб, жағини синдириб олган олтин балиқни даволагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)