Қозоғистон университети талабасининг ўқишини Ўзбекистонга кўчириб беришни ваъда қилган шахс ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Жарқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Х. Қозоғистон халқлар дўстлиги университетининг 1-курс талабаси Ш.нинг ўқишини Ўзбекистондаги университетлардан бирига кўчириб бериш эвазига 15,6 миллион сўм ва 300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Фарғонада талабанинг ўқишини хориж университетидан Ўзбекистонга кўчириб бериш эвазига 8 минг доллар олган ўқитувчи қўлга олингани, Тошкентда фуқаронинг хориждаги ўқишини «ТошМИ»га кўчириб бериш эвазига 6 минг доллар олган шахс ушлангани ҳамда Бухорода ўқишга киритиб қўйиш учун икки фуқародан 4 минг доллар олган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)