Гаити президенти Жовенел Моиз отиб ўлдирилди. 7 июлга ўтар кечаси мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсдаги президент қароргоҳига қуролли шахслар ҳужум қилган. Ҳужумда президентнинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам ўқ еб яраланган. Дастлаб Мартин касалхонада вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, аммо кейинчалик расмийлар буни рад этди. Унинг аҳволи қандай экани ҳақида хабар берилмаган, деб ёзади Meduza.

Гаити президентининг рафиқаси олиб келинган касалхонани қўриқлаётган ҳарбийлар

Фото: AFP

Дастлаб ҳужумчилар қочиб кетган. Уларнинг мақсади талончилик бўлганми ёки сиёсий қотилликми, ҳозирча номаълум. Мамлакат бош вазири вазифасини бажарувчи Клод Жозефнинг баёнотида жиноятчилар фақат испан ва инглиз тилларида сўзлашгани қайд этилган — Гаитида иккала тилдан ҳам расмий тил сифатида фойдаланилмайди.

Гаитининг АҚШдаги элчиси Бокчит Эдмонд ҳужумчилар ўзларини АҚШнинг Гиёҳванд моддалар билан кураш бошқармаси агентлари деб таништиргани ҳақида хабар берди, аммо у бунга ишонмаслигини таъкидлади. АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс ҳам Моизнинг ўлдирилишида америкалик агентларнинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Қўшни Доминикан Республикаси расмийлари қотиллар Гаитидаги гиёҳванд моддалар савдоси ва одам ўғирлаш билан шуғулланадиган нуфузли одамларга алоқадор тўрт колумбиялик ва уч венесуэлаликлардан иборат гуруҳ экани ҳақидаги версияни илгари сурди. Доминикан Республикаси қотилликда Гаитининг юқори мартабали полициячиси ҳам иштирок этганини истисно қилмади, таъкидланишича, у давлат раҳбарининг қароргоҳидаги хавфсизликни атайлаб заифлаштирган.

Кейинчалик Гаити полицияси ўлдиришда гумонланувчиларни ҳибсга олгани ҳақида хабар берди.  Полиция бошлиғи тўрт нафар гумондор йўқ қилингани ва яна икки нафари ҳибсга олинганини маълум қилди. «Тўрт нафар ёлланма қотил ўлдирилди, икки нафари бизнинг назоратимизда. Улар гаровга олган уч полициячи озод қилинди », — деди полиция бошлиғи Леон Шарл.

Гаити ҳукумати мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Клод Жозеф халқни қийин пайтда бирлашишга чақирди, шунингдек, армия ва ҳукумат мамлакатдаги вазиятни назорат қилиб туришини таъкидлади. Порт-о-Пренсдаги аэропортнинг ёпилиши ҳақида расман эълон қилинмаган бўлса-да, 7 июль куни эрталаб халқаро рейсларни қабул қилиш тўхтатилди. Гаити билан қуруқликдан чегарадош бўлган ягона давлат –  Доминикан Республикаси шошилинч тарзда чегараси ёпилишини эълон қилди.

Жовенел Моиз Гаитини 2016 йилдан бери бошқариб келарди. 2018 йилда Гаитида коррупция можароси бошланган, натижада Моизга импичмент уюштирилиб, унинг истеъфосини талаб қиладиган норозилик намойишлари бўлиб ўтган ва 2019 йилга белгиланган парламент сайловлари тўхтатилган.

Мамлакат деярли парламентсиз қолди ва янги қонунчилик ташаббуслари президент фармонлари сифатида расмийлаштирилди. Бунинг фонда Моиз ўз ваколатларини кенгайтириб, конституцияни ислоҳ қилишга уринди. Мухолифат бунга жавобан уни ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уринишда айблади. COVID-19 пандемияси бошлангани сабабли конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилмай қолди.

Февраль ойида Гаитида инқироз авж олди. Мухолифат Моизнинг беш йиллик президентлик муддати тугаган деб даъво қилди ва муддатни 2016 йил 7 февралдан— Моиз мамлакатни президент вазифасини бажарувчи сифатида бошқаришни бошлаганидан ҳисоблади. Моизнинг ўзи ушбу муддатни у расмий равишда қасамёд қабул қилган кун 2017 йил 7 февралдан деб ҳисоблаб келарди. Мухолифат фикри бўйича унинг муддати тугаган куни Моиз давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинганини эълон қилди. Бир неча ўнлаб одамлар ҳибсга олинди.

Гаити Кариб ҳавзасидаги энг қашшоқ мамлакат бўлиб, аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи қашшоқлик ёқасида яшайди. Мамлакатда ўнлаб йиллардан буён сиёсий беқарорлик давом этмоқда. 1986 йилда диктатор Жан-Клод Дювал режими ағдарилганидан бери мамлакатда бир неча бор ҳарбий тўнтаришлар ва тартибсизликлар юз берди; 2004 йилдан 2019 йилгача БМТ тинчликпарвар кучлари мамлакатда бўлиб турган. 2010 йилда Гаитида содир бўлган кучли зилзила 222 минг кишини (мамлакат аҳолисининг 2 фоизини) ҳалок қилди, кўплаб ҳудудлар вайрон бўлди, бу эса мамлакатнинг оғир иқтисодий аҳволини янада ёмонлаштирди.

Сўнгги ойларда Гаитидаги қашшоқлик ва сиёсий беқарорлик фонида Порт-о-Пренс ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларини назорат қилувчи ва талон-тарож қилиш билан шуғулланувчи исёнкор ва жиноий гуруҳларнинг позициялари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Икки ҳафта олдин энг йирик тўққизта гуруҳдан иборат коалиция Гаитининг сиёсий ва ишбилармон элиталарига қарши «инқилоб» бошланганини эълон қилди.