Шавкат Мирзиёев 6 июль, сешанба куни Қозоғистоннинг биринчи президенти — элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари суҳбат аввалида 81 ёшга тўлган Нурсултон Назарбоевни туғилган куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Қозоғистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги алоҳида ўрни, Ўзбекистон—Қозоғистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қўшаётган катта ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни, маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни илгари суриш муҳим экани таъкидланган.
Шунингдек, минтақавий кун тартиби, энг аввало, Афғонистонда кескинлашаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шу жумладан, Қозоғистоннинг биринчи Президенти фахрий раислик қилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, турли масалаларни, хусусан, Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги вазиятни муҳокама қилганди.
Изоҳ (0)