Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш белгиланди.

Республика махсус комиссияси томонидан масъул ташкилотларнинг тегишли таклифлари инобатга олиниб, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 50 кишидан кўп бўлмаган (яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 апрелидан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши белгиланган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 28 июндан карантин чекловлари кучайтирилди. Тошкент шаҳрига 28 июндан транспорт воситалари киришига ҳамда кўнгилочар ва овқатланиш объектлари фаолиятига чекловлар ўрнатилди. 5 июлдан бошлаб эса барча турдаги оммавий тадбирларни ўтказиш вақтинча тўхтатилди.