1187 йил 4 июль куни салибчи ва мусулмон қўшинлари ўртасида Фаластин ва Қуддусни қайтариб олиш учун ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади. «Дарё» буюк саркарда Салоҳиддин Аюбий бошчилигида жиҳод юришини амалга оширган мусулмонларнинг салибчилар устидан Ҳаттин жангида қозонган ғалабаси ҳақида ҳикоя қилади

Урушдан олдинги вазият

1171 йили Миср тахтини эгаллаган Салоҳиддин Аюбий (ғарбда Саладин ҳам деб аталади) янги Айюбийлар сулоласига асос солади ва янги давлат ҳудудларини кенгайтириш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Бу пайтда салиб юришлари натижасида Кичик Осиёнинг катта қисми, хусусан, Қуддус насронийлар назорати остида эди. Салибчилар бу ерда бир неча қироллик тузиб, атрофдаги мусулмон ҳукмдорлар билан муттасил кураш олиб бораётган эди. Салибчилар билан курашаётган мусулмон амирликлари нисбатан майда давлатлар бўлиб, кучларини бирлаштирмас эди.

1174 йилда Салоҳиддин Аюбий насронийларга қарши кураш ва Қуддусни қайтариб олиш учун ҳаракат бошлаб, салибчиларнинг Қуддус қироллиги атрофидаги мусулмон давлатларни ўз ҳукмронлиги остида бирлаштириш учун юриш уюштиради. Мусулмон давлатлар билан урушлар даврида Аюбий Қуддус қироллиги билан 1185 йили тинчлик сулҳи тузади.

Бу пайтда Қуддус қироллигини қирол Болдуин IV бошқарарди. Қирол мохов касалига чалинган бўлиб, вориси этиб жияни, етти ёшли Болдуин V ни тайинлаганди. Раймонд III Триполский валиаҳднинг регентига (тахт вориси балоғатга етгунга қадар давлат ишларини олиб борувчи шахс) айланади. Айнан Раймонд III Триполский Салоҳиддин Аюбий билан тинчлик сулҳи тузишга муваффақ бўлади. Бироқ кутилмаганда валиаҳд Болдуин V вафот этади. Ворислик эндиликда Болдуин IV нинг икки сингли Сибелла ва Изабелладан бирига ўтиши керак эди.

Ҳали ҳаёт бўлган қирол Болдуин IV Акра шаҳрида барча Муқаддас Ер баронларини тўплаб, тахтни у ўлгандан сўнг куёвлари эмас, регент эгаллаши, бўлажак тахт эгаси Сибелла ёки Изабелла бўлишини Рим папаси, Муқаддас Рим императори, Франция ва Англия ҳукмдорлари танлаши кераклиги ҳақида баронларига қасамёд қабул қилдиради.

Ги де Лузинян

Фото: Wikipedia

1185 йил Болдуин IV вафот этгач баронлар Европадан жавоб кутиб ўтирмади. Улар тахтга кимни ўтқазиш борасида икки гуруҳга бўлинади. Сибелла ва унинг эри Ги де Лузинян тарафида тампилерларнинг буюк магистри Жерар де Ридфор, барон Рено де Шатилён, Қуддус патриархи ва бошқа баронлар туришади. Регент Раймонд Триполский, Баллиан д’Ибелин эса Изабелла ва унинг эри Онфруа IV тарафда туриб тахт учун курашади. Охир-оқибат 1186 йил 20 июль куни Ги де Лузинян Қуддус тахтига ўтиради.

1187 йилда барон Рено де Шатилён Салоҳиддин Аюбий ва Қуддус қироллиги ўртасида тузилган сулҳ амалда бўлган даврда Маккадан Дамашқ томон йўлга чиққан мусулмонлар карвонига ҳужум қилади ва барчани ўлдириб юборади. Бундан ғазабланган Салоҳиддин Аюбий Шатилённинг бошини шахсан ўзи узишга қасам ичади ва Қуддус қироллигига қарши уруш бошлайди.

Салоҳиддин Аюбий

Фото: Ўрта аср миниатюраси

Жангнинг бошланиши

Дастлабки тўқнашув Назарет шаҳри яқинидаги Крессонда бўлиб ўтади. Унда Салоҳиддин Аюбийнинг ўғли Ал-Афдал ва саркарда Кўкбўри Жерар де Ридфор бошлиқ тампилерлар қўшини билан жанг қилади. Бўлиб ўтган кичик жангда Жерар де Ридфор ва унинг рицарлари деярли қириб ташланади. Ридфорнинг ўзи зўрға қочиб қутулади.

Мазкур вазиятда қирол Ги де Лузинян Аккода Муқаддас Ер баронларини йиғиб, янги Учинчи Салиб юришларини ташкиллаштириш учун Европадан ёрдам сўрашни муҳокама қилади. Аммо йиғин давом этаётган бир пайтда Раймонд III Триполский мулки бўлган Тверия шаҳрига Салоҳиддин Аюбий армияси ҳужум қилгани ҳақида хабар келади.

Қамалда қолган Раймонд III нинг хотини Эшива қиролдан ёрдам сўраб чопар юборади. Граф Раймонд Салоҳиддин Аюбий кўчманчи бадавий қоидаларини ҳурмат қилишини, шунинг учун унинг кекса аёлига зиён етказмаслигини биларди. Бироқ буюк султон анча ақлли ва айёр эди. У хабарчига салибчилар аниқ режага эга бўлмасдан Тверияга шошилинч қутқарув операцияни амалга ошириши учун атайин йўл очиб беради.

Фото: Wikipedia

Буюк магистр Жерар де Ридфорнинг қистови остида қирол Ги де Лузинян Тверияга мададга боришга қарор қилади. Эртаси куни тонгда деярли тайёргарликсиз қўшин Тверия томон йўлга чиқади.

Салибчилар қўшини йигирма минг атрофида бўлиб, уларнинг ўн икки минги пиёдалар, беш мингдан кўпроғи оғир зирҳли тампилер ва госпиталер рицарларидан ташкил топганди. Салоҳиддин Аюбий бошлиқ мусулмон лашкари эса 12 000 ёлланма мамлук аскарлари ва ўн минг султонлик армиясидан иборат эди. Қўшинда отлиқ аскарлар сони ўн икки минг атрофида бўлиб, улар ушбу жангда ҳал қилувчи ролни бажарди.

1187 йил 3 июль кун қирол Ги де Лузинян армияси Тверия яқинида жойлашган Сафорига етиб келади, қўшинлар йигирма километрлик масофада жойлашади. Аммо салибчиларнинг йигирма минглик карвони бир неча километргача чўзилган эди. Фаластиннинг қуруқ ва жазирама иссиқ ёзи оғир темир зирҳли салибчиларни ҳолдан тойдирмасдан қолмади. Кечқурунга қадар Тверия кўлига етиб боришни ният қилган Ги де Лузинян армияси бунга улгурмади. Бунинг устига Аюбийнинг отлиқ аскарлари йўли бўйи салибчилар карвонига кутилмаган ҳужумларни уюштириб, уларнинг сафларини анча сийраклаштиради.

Раймонд III Триполскийнинг маслаҳати билан салибчилар маҳаллий аҳоли томонидан Ҳаттин шохлари деб аталувчи, Твериядан 6 километр узоқликда жойлашган жойда тўхтаб, қароргоҳ қуришади. Христианлар чодирларни тиклаши биланоқ Салоҳиддин Аюбий аскарларига қароргоҳ атрофидаги жуда кўп ўсувчи қуруқ буталарни ёқиб юборишни буюради. Қуюқ тутун осмонни қоплайди ва шундоқ ҳам сузсизликдан қийналаётган салибчиларнинг нафас олишни қийинлаштиради. Узоқ йўл юрган ва иссиқдан тинкаси қуриган салибчилар қўшини қароргоҳини Аюбий лашкари камон ва арбалетдан ўққа тутади.

Ги де Лузинян ҳарбий кенгаш чақириб, зудлик билан Салоҳиддин Аюбий қўшинига зарба беришга қарор қилади. Қиролнинг акаси Амори II де Лузинян ҳужум учун тайёрланишни бошлайди.

Ҳаттин жанги харитаси

Фото: Google Images

Раймонд III Триполский қўшини биринчи бўлиб жангга киради. Чунки Тверия ерлари Раймонд III мулки эди ва қоидага кўра мулк эгаси сифатида Раймонд жангга биринчи кириши керак эди. Мусулмон қўшинларига ҳужум қилган Раймонд қўшинига саркарда Тақи ад-Дин атайин мусулмон лашкари сафини  ёриб ўтиб, Тверия кўлига чиқишга имкон беради, кейин эса уларнинг ортига ўтиб салибчиларни қуршовга олади. Қуршовдан фақатгина бир неча рицар, жумладан Раймонд III Триполский ва унинг ўғиллари қочиб қутулишга муваффақ бўлади.

Бу пайтда салибчиларнинг пиёда қўшинлари Раймонд III қўшинига кўмак бериш учун Ҳаттин тепалиги томон юришади, аммо Раймонднинг ҳалокати ва мусулмонларнинг позицияларни қайта эгаллаганини кўргач, Ҳаттин юқорисига кўтарилишади. Жанговар руҳияти тушиб кетган аскарлар қирол ва баронларнинг буйруғига қарамасдан жанг қилишдан бош тортиб, тепаликдан тушмайди.

Пиёдалар қўлловига эга бўлмаган тампилер ва госпиталер рицарлари отларини мусулмон камончилари ўлдириб юборади ва рицарларнинг кўпчилиги пиёда жанг қилишга мажбур бўлади. Етти соат давом этган жангда салибчилар қўшини турк-мусулмон лашкари томонидан тор-мор этилади. Манбаларга кўра Ҳаттин жангида салибчиларнинг 17 000 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлади.

Салоҳиддин Аюбий томонидан Рено де Шатилённинг қатл этилиши

Фото: Pinterest

Қирол Ги де Лузинян, буюк магистр Жерар де Ридфор, Рено де Шатилён ва Онфруа IV мусулмонлар томонидан асир олинади. Салоҳиддин Аюбий қасамини бажариб Рено де Шатилённи шахсан ўзи қатл этади.

Салоҳиддин Аюбий чодирига олиб келинган қирол Ги де Лузинянга ичимлик узатади. Араблар одатига кўра бу маҳбусга шафқат қилиниши белгиси эди. Аюбий Ги де Лузинянни қатл этмади ва «шоҳлар шоҳларни ўлдирмайди» дея уни қўйиб юборди. Шунингдек Салоҳиддин Аюбий бошқа баронларга ҳам шафқат қилиб уларни тирик қолдиради.

Фото: Wikipedia

Кейинги воқеалар

Ҳаттиндаги жангдан кейин Қуддус қироллигини ушлаб турган асосий кучлар — тампилер ва госпиталер ордени рицарлари кучсизланиб қолади. Христианлар тарафидан жуда юқори қадрланувчи Муқаддас Хоч мусулмонлар қўлига тушади. Бу ғарб диндорлари учун улкан маънавий зарба бўлади.

Салоҳиддин Аюбий муваффақиятли юришини давом эттириб Қуддус томон юради. Ҳаттиндаги мағлубиятдан сўнг деярли ҳарбий кучсиз қолган салибчиларнинг Қуддус қироллиги қисқа қаршиликдан кейин Салоҳиддин Аюбийга таслим бўлади. Шу тариқа насронийларнинг Қуддусдаги саксон саккиз йиллик ҳукмронлигига хотима берилади.

Салоҳиддин Аюбий бундай улкан ғалабадан сўнг мусулмон дунёсида энг буюк ҳукмдорга айланади. У ҳақида турли афсоналар тўқилди. Аюбий олиб борган жиҳод уруши бундан кейинги салиб юришларида устунлик асосан мусулмонлар тарафига ўтишини таъминлади.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади