Голни нишонлашдан олдин Патрик Клюйверт ортга қараб, ўзи чиқмоқчи бўлган чўққини ёдга олди. 1995 йилги Чемпионлар Лигасининг 85-дақиқаси ўтиб боряпти, Патрик «Аякс» учун ғалаба келтирган голни урди. Шу тариқа амстердамликлар мусобақанинг 4 карра ғолибига айланди. У эндигина 18 ёшга кирганди. Европа грандлари диққат марказига тушиб қолди. Ўша вақтдан буён саноқли футболчиларгина унинг даражасида ўйин кўрсата олди.
Патрик Стефан Клюйверт 1976 йил 1 июлда Кеннет ва Людвина Клюйверт оиласида таваллуд топди. Унинг отаси узоқ вақт давомида Нидерландия қўл остида бўлган Суринамдан лолалар юртига келиб қолган. Рууд Гуллит ва Франк Райкаард сингари Нидерландиянинг афсонавий футболчилари ҳам асли суринамлик. Онаси Людвина эса 2010 йил мухториятни қўлга киритгунга қадар Антил ороллари таркибида бўлган Кюрасао оролида туғилган.
Болалигиданоқ тўп билан муомала қилишни бошлаган Патрик истеъдодли эканини атрофдагилар пайқаб қолди. Кўчада, ундан сўнг маҳаллий «Шеллингвуд»да маҳоратини оширган Клюйверт «Аякс» скаутлари эътиборига тушди. Патрик 7 ёшида машҳур академияга қабул қилинди. «Аякс» академияси истеъдодли ёшларни етиштириб бериш бўйича Европада етакчилардан бири эди ва ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда. Патрик ҳужум чизиғида ўйнашга кўниккан бўлса-да, академия тамойилларига кўра у бир нечта позицияда ўзини синаб кўриши лозим эди. У ҳимояда, ярим ҳимояда ўйнаб кўрди ва барибир ўзини қулай ҳис қиладиган ҳужум чизиғига қайтди. Жамоа бундай услубни ёш футболчиларнинг ўйиндаги фикрларини эркинлаштириш учун қўллайди, аслида эса Ринус Михелс томонидан ишлаб чиқилган «тотал футбол» форматига мослашиш ва асосий жамоага ўтишга ёрдам беради.
Михелс устозлик қилган энг яхши футболчилардан бири Патрик Клюйвертнинг қаҳрамони эди. Марко ван Бастен — фаолиятини бошлагандаёқ машҳурликка эришиб, жароҳат сабаб фаолиятини эрта якунлаган бўлса-да, афсонага айланган футболчи. Клюйверт унинг ашаддий мухлиси бўлган: «Болалигимда телевизордан ўйинларни кўрардим, менинг кумирим — Марко ван Бастен эди. Менга яқинроқ бўлган ўз услубида жуда кўп голлар урарди. Худди унга ўхшаган ҳужумчиман ва Маркодан кўп нарса ўрганишга ҳаракат қилганман».
Патрик Клюйверт билан бирга академиядан олтин авлод етишиб чиқди: Кларенс Зеедорф, Марио Мелхиот, Эдвин ван дер Сар, Эдгар Давидс.
Ёш футболчиларнинг тезкор ривожланишига тўсқинлик қилувчи ягона тўсиқ — мураббийнинг қатъийлиги ҳисобланади. Мураббийлар бир нечта қониқарсиз натижа қайд этилса истеъфога чиқишини билади, шунинг учун ёшлардан кўра тажрибалироқ футболчиларга эътибор қаратишни маъқул кўради. Кўпчилик шундай қиларди. Лекин Луи ван Гаал эмас. Бу мураббий истеъдодли футболчилар билан ишлашни хуш кўрарди, Клюйверт шундай футболчилардан бири эди.
Нидерландия терма жамоасининг турли ёш даражаларида ўзини кўрсатиб келган Патрик ван Гаалга асосий жамоа таркибида майдонга тушишга лойиқлигини исботлади. Мураббийлар ёш футболчиларга асосан муҳим бўлмаган ўйинларда дебют қилиш имконини беради, лекин ван Гаал эмас. Клюйверт 18 ёшида асосий жамоада дебют қилди. Унинг дебюти Нидерландия Суперкубогига тўғри келди. Кимга қарши дейсизми? Азалий рақиб «Фейеноорд»га қарши. «Аякс» мухлиси бўлиб юрган вақтларда Клюйверт шундай дебютни орзу қиларди. 1994 йилнинг 21 августида муҳим ўйинда дебют амалга ошди. Ҳатто тажрибали футболчиларни ҳам асабийлашишга мажбур этадиган ўйин Патрикни хато қилишга ундай олмади. У бутун жамоа сингари ўйиндан роҳатланди.
20 дақиқа ичида 2 та гол. 25-дақиқада Жорж Финиди ўнг қанотдан ёриб кирди. Клюйверт жарима майдони ичига кириб борди, Финиди тўпни унга узатди ва Патрик дебют ўйинида гол урди. Қўлларини чўзган ҳолда у қувонч нурларига чўмилаётганди. Сюрреалистик кунда сюрреалистик лаҳза.
Мухлисларни ҳам академиядан чиққан ёшларнинг натижа кўрсатиши хурсанд қилади. Клюйверт асосий таркибдан жой эгаллаш учун етарлича истеъдодга эга эди. Эредевизида 25 ўйинда майдонга тушиб 18 та гол урган Патрик тўпурарга айланди. Чемпионлик соврини қўлга киритилди. Ўйинлар ва урилган голлар сонига назар ташланса, дастлабки профессионал мавсумини ўтказаётган 18 ёшли футболчи ҳақида гап кетаётгани унутилади.
Чемпионлар Лигаси жамоа учун бонус бўлди. «Аякс» мусобақанинг янги форматида илк бор иштирок этаётганди ва соврин учун фаворит сифатида кўрилмаётган эди. Орадан бир неча ой ўтиб улар финалда иштирок этиш учун Венага боради. Клюйверт захирада қолдирилди.
Финалдаги рақиб «Милан»лиги исталган инсонни қўрқувга солиши мумкиндир, лекин Патрик ўзига ишонч билан ўтирарди. Захира ўриндиғида қолган футболчи ўйинни кузата туриб, агар майдонга тушганда қаерда яхшироқ ўйнаши мумкинлигини таҳлил қиларди. У натижасиз давом этаётган ўйинни сабр билан кузатди. Асосий таркибда майдонга тушган Яри Литманен «Милан» ҳимоясини ёриб ўтиш учун қўлидан келган барча ишни қилаётганди, аммо негадир футболчидан омад юз ўгирарди. Ван Гаал уни захирага олди ва майдонга Клюйвертни туширди. 70-дақиқада майдонга тушган футболчи ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиларди.
Италияликларнинг мустаҳкам ҳимоясини бузиб кириш қийин эди. Патрик Клюйверт эса ожиз нуқтани топди ва Себастьяно Росси дарвозасини ишғол қилди.
Бу гол «Аякс»га тўртинчи чемпионликни тақдим этди. Патрик Чемпионлар Лигаси финалида гол урган тарихдаги энг ёш футболчига айланди (18 ёш, 10 ой, 23 кунлик). Ўйин тугаганидан сўнг камералар кўзлари ёшга тўлган Патрикка қаратилди. Амстердамга қайтгач ёш футболчи аэропортнинг ўзидаёқ дарҳол онасини қучоғига отилди.
Ҳаёт ҳар доим ҳам пушти рангда эмас
Чемпионлар Лигаси финалидан 4 ой ўтиб Патрик автоҳалокат содир этди ва бошқа машина ҳайдовчисининг ўлимига сабабчи бўлди. Вафот этган киши Мартен Путман бўлиб, икки фарзанднинг отаси ва «Аякс»нинг ашаддий мухлиси бўлган. Путман тушлик қилиб бўлгач машинани бураётган вақтида Клюйверт қизил BMW автомашинасида келиб урилади. Мартен воқеа жойида вафот этади.
«Унинг машинаси аввал биз кўрмаган тезликда ҳаракат қилиб келаётганди. Турмуш ўртоғим ҳеч қандай оғриқ ва қўрқувсиз вафот этганидан хурсандман», — деди Мартеннинг турмуш ўртоғи Ҳанни Путман. У ҳам автоҳалокат содир бўлган вақтда машинада бўлган. «Клюйверт бизга хат жўнатди, лекин у жуда ёш бўлгани учун хат ўқитувчиси томонидан ёзилгандек таассурот уйғотди».
Кейинги суд жараёнида футболчининг қонида спиртли ичимликлар аниқланмади. Ҳодисага 88 км/соатга рухсат берилган жойда 88,5 км/соат тезликда юрилгани сабаб сифатида қайд этилди. Клюйверт кутилганидек ўлимга сабабчи бўлган ЙТҲда айбдор деб топилди ва 240 соатлик жамоат ишларига ҳукм қилинди.
«Ичимда нимадир узилгандек бўлди, энди мен ҳеч қачон хурсанд бўлолмайман. Ичимдаги болакай ўлдирилди». Патрикнинг суд залидаги охирги сўзи шундай эди. Меҳмондаги ўйинларда унга қарата айтиладиган «Қотил!» сўзига чидашга мажбур эди. Автоҳалокат туфайли ўлим содир бўлгани учун унда сурункали депрессия ҳолати пайдо бўлди.
Ушбу ҳодиса футболчининг бир мавсумда 28 ўйинда 15 та гол ургани, Чемпионлар Лигасида «Реал»га қарши ажойиб ўйин кўрсатганини ўз соясида қолдирди. «Аякс» кетма-кет иккинчи йил Европанинг нуфузли мусобақаси финалига чиқди. Клюйверт учрашувгача жароҳатидан қутулолмади. Майдонда бўлиш ўрнига «Аякс» пенальтилар сериясида қандай қилиб «Ювентус»га ютқазаётганини томоша қилишга мажбур бўлди.
1994 йил терма жамоада дебютини ўтказган Клюйверт Евро—1996 қайдномасига киритилди. Терма жамоа мусобақанинг катта қисмини усиз ўтказди. У жароҳатидан қутулишга уринарди. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида мезбон жамоа Англияга қарши ўйинда гол жуда зарур эди. Клюйверт захирадан майдонга тушди ва гол урди. Плей-оффда эса Франция терма жамоасига пенальтилар сериясида мағлуб бўлди. 1996/97 йилги мавсум бошланишидан аввал Патрик Клюйвертнинг «Милан»га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалди. Автоҳалокат ва жароҳат туфайли у муҳитни ўзгартириши лозим эди. Унинг дўсти Эдгар Давидс «россонерилар» таркибига ўтиб бўлганди. Бу эса Патрикнинг «Аякс» томонидан таклиф қилинган янги шартномага рад жавобини беришга туртки бўлди. 1996/97 йилги мавсумда Патрик кичик жароҳатлар сабаб 17 та ўйинда майдонга туша олди, холос.
Мавсум тугагач, эркин агент сифатида «Милан» сафига бориб қўшилди. Италияликлар футболчини ван Бастенга муносиб издош бўлади деб ҳисобларди. «Россонерилар» совринлар ютишга ёрдам берадиган идеал ҳужумчини қўлга киритганидан хурсанд эди. Клюйверт ҳам энди янги чақирувга «ҳа» деб жавоб бериш вақти келганини таъкидлади.
«Ювентус»га урилган фантастик гол яхши стартга ишора эди. Мавсум якунида эса умидлар пучга чиқди: 27 ўйинда 6 та гол. Патрик бир неча бор ирқчилик билан боғлиқ машмашаларга аралашиб қолди: асосан меҳмондаги ўйинларда бу ҳолат содир бўларди, баъзан ўз жамоасининг мухлислари ҳам унга ирқчилик муносабатида бўларди. Буларнинг барчаси Патрикни «Милан»дан кетишга ундади. Нидерландияда ҳали-ҳамон унинг обрўси баланд эди. Жаҳон Чемпионатида қатнашадиган футболчилар қаторида Патрикнинг ҳам исми бор эди. Нидерландлар ўша пайтда энг кучли таркиб билан Франциядаги мундиалга борган. Ван дер Сар, Яп Стам, Франк де Бур, Кларенс Зеедорф, Марк Овермарс, Филипп Коку — улар терма жамоанинг юлдуз футболчилар эди. Биринчи ўйиндаёқ Патрик кулгили тарзда қизил карточка олди — Бельгия футболчисининг қошига зарба бергани учун. Барча ишонч бир соатда ҳавога учди.
Шундан сўнг чорак финалда унга имконият берилди. Аргентинага қарши ўйинда у ишончни қайтарди. Ўйинда ҳисобни Клюйверт очган бўлса ҳам, учрашув Деннис Бергкампнинг супер голи билан ёдда қолди. Ярим финалда амалдаги Жаҳон чемпиони Бразилия уларни кутиб турарди. Марселда бўлиб ўтган ўйиннинг 46-дақиқасида Роналдо бразилияликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Нидерландияликлар ҳисобни тенглаштиришга уринди. Роналд де Бур ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига узатди, Патрик эса тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Нидерландияликлар пенальтилар сериясида Бразилияга имкониятни бой берди.
Луи ван Гал шогирдининг бошидан ўтказган қийинчиликларини кўриб турарди ва уни яна қаноти остига олишга қарор қилади. «Барселона» мураббийи сифатида раҳбариятдан Патрикни сотиб олишни сўрайди. Клюйверт 8,75 миллион фунт эвазига каталонияликлар сафига ўтади. 1998 йил учун бу жуда катта нарх эди, камига олдинги жамоасида омадсиз мавсумни ўтказган футболчи учун. Клюйверт ўйлаб ўтирмасдан «Барселона» билан шартнома имзолади.
Янги жамоада унинг шериги бразилиялик Ривалдо эди. У Патрикдан бир йил аввал «Барселона»га келганди. Дастлабки кунларданоқ майдонда улар ўртасида телепатик алоқа юзага келди. Нидерландиялик ҳужумчи 38 ўйинда 16 та гол урди. Кейинги мавсум эса унинг ўзи учун омадли, лекин жамоа учун омадсиз кечди. Клюйверт чемпионатда 15 та гол урди, жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди, лекин жамоадаги муҳит жуда ёмон эди. Ривалдо ва бош мураббий ван Гал ўртасида келишмовчилик юзага келди. Барчаси бразилиялик футболчининг майдонда позицияси ўзгаришидан бошланди. «Барселона» яна чемпионликни қўлга кирита олмагач, жамоа юлдузлари ва мураббий ўртасидаги низо катталашиб кетди ва ван Гал истеъфога чиқди.
Евро—2000 га Нидерландия мезбонлик қилди. Икки йил аввалги мундиалдаги муваффақиятсизликдан кейин Нидерландиянинг олтин авлодида бу сафар соврин қўлга киритиш учун яхши имконият пайдо бўлди.
Чехияга қарши биринчи ўйинда Франк де Бурнинг пенальтидан урилган голи эвазига 3 очко қўлга киритилди. Данияга қарши ўйинда эса Клюйверт гол уришга муваффақ бўлди. Францияга қарши гуруҳ босқичидаги охирги ўйинда ҳам гол уриб, жамоасининг плей-оффга чиқишини таъминлади.
Югославияга қарши кечган чорак финал ўйинида Патрик ҳет-трик қайд этди. Ўйин 6:1 ҳисобида якунига етди. Улар Италияга қарши «нима бўлса бўлади» қабилида ўйнашга мажбур эди. Бу ўйинда ҳаммаси ўйлангандек бўлмади: терма жамоанинг тажрибали пенальти тепувчиси Франк де Бур имкониятдан фойдалана олмади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Асосий вақтларнинг ўзида Италия дарвозаси томон иккинчи пенальти белгиланди. Бу сафар Патрик 11 метрлик масофадан тўпни дарвозага жойлай олмади. Ўйин пенальтилар сериясига қадар чўзилди. Пенальтилар сериясида Нидерландиянинг икки футболчиси гол уролмади, навбат Патрикка қадар етиб келмади. Италия пенальтилар сериясида ғалаба қозонди ва финалга чиқди. Италияликлар финалда Францияга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
«Барселона»даги кейинги 4 йил омадсиз кечди. Клуб жуда қийин даврларни бошидан кечираётганди. Патрик эса 2004 йилда «Ньюкасл»га ўтгунга қадар ўз голлари билан жамоага ёрдам беришга уринарди. Англияда ҳам ишлари юришмаган Патрик бир мавсумдан сўнг яна Испанияга қайтди. «Валенсия» жамоасидаги фаолияти ҳам эсда қоларли воқеаларга бой бўлмади. «ПСВ» ва «Лилль» Клюйвертнинг сўнгги жамоалари бўлиб қолди. Шундан сўнг Патрик Клюйверт футболчилик фаолиятини якунлади.
Патрик фаолиятини тугатганидан кейин ўзини мураббийликда синаб кўришга қарор қилди. 2014 йилги мундиалда Патрик Португалия терма жамоасида Луи ван Галнинг ёрдамчиси сифатида ишлади. Кейин эса онасининг ватани Кюрасао терма жамоасига мураббийлик қилди.
Клюйвертнинг фаолияти мухлисларга қувонч бағишлади. Унинг фаолиятидаги энг юқори чўққи 1995 йилги Чемпионлар Лигаси финали бўлиб қолди — 18 ёшли бола захирадан тушиб ғалаба голини урганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)