Россия қурилиш майдонларига 2024 йилга қадар 5 миллионга яқин меҳнат муҳожирлари жалб қилиниши керак. Бу ҳақда Россия бош вазирининг ўринбосари Марат Хуснуллин маълум қилди.

Фото: «ТАСС»

«Кўряпмизки, 2024 йилгача камида 5 миллион меҳнат ресурсига эҳтиёж сезамиз. Ҳозир бош вазир буйруғи билан ёндашувларни ишлаб чиқмоқдамиз, улар билан қандай ишлаш, уларнинг мамлакат тараққиётига максимал ҳисса қўшиши учун нима қилишимиз ҳақида», — деди Хуснуллин уй-жой қурилиши ва ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадларга эришиш масалаларига бағишланган йиғилишда.

Шунингдек, у губернаторларга Россия Федерацияси ҳудудларидаги қурилиш майдонларига меҳнат ресурсларини жалб этиш масаласини ҳал қилиш илтимоси билан мурожаат этди. «Бу машғулот ўтказиш, бу жалб қилиш ва ҳатто ишсиз нафақахўрларни ҳам сафарбар қилишдир», — таъкидлади бош вазир ўринбосари.

Март ойининг бошида Россия Қурилиш вазирлиги мамлакат қурилиш майдонларига 1,2 миллионга яқин ишчи етишмаётганини маълум қилган. Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида Қурилиш вазирлиги бўш ўринларни тўлдириш учун муҳожирларни олиб кириш механизмига ўзгартириш киритмоқда.

Шунингдек, маҳбусларни қурилиш майдонларига жалб қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Москвада муҳожирлар ўрнига маҳбусларни қурилиш ишларига жалб қилиш бошлаб юборилган.

Аввалроқ Россия Қурилиш вазирлиги ва коммунал хизматлар бошқармаси мигрантларнинг қурилиш ишларига келишлари учун мамлакатга кириш шартларини соддалаштиришни сўраган ва бир қатор таклифлар берган эди. Хуснуллиннинг маълум қилишича, меҳнат муҳожирларининг қурилишда ишлаш учун мамлакатга темир йўл орқали келишига рухсат берилиши мумкин.