Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларга ҳозирги вақтда мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилганини маълум қилади. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.

Фото: Asia-Plus

Вазият юзасидан ўтказилган штаб йиғилишида иштирок этган мутахассисларнинг фикрига кўра, касалликнинг янги авж олишига асосий сабаб бепарволик, чет элдан қайтиб келган фуқароларнинг ўзини яккалаш учун белгиланган муддатларга риоя қилмаслиги, бошқа тавсияларга амал қилмаслик, шунингдек, ниқоблардан фойдаланмасликдир.

Шу муносабат билан, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросидан ушбу соҳадаги мутахассисларнинг тавсияларига қатъий амал қилиш, зарурат бўлмаган жойга бормаслик, жамоат жойларида ниқобдан ва бошқа дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш талаб этилади.

Республика штаби томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинди, хусусан, тегишли вазирликлар ва идораларга аҳолининг шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, хизмат кўрсатиш ва маданият марказлари устидан назоратни амалга ошириш, қатъий профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўриш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, тантаналар ва маросимлар, дафн маросимлари пайтида вирус тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш, шунингдек, халқаро парвозлар пайтида COVID-19 юқтириб олиш ҳолатларининг олдини олиш учун зарур чораларни кўриш топширилди.

Тожикистонда 2021- йилнинг 11 январидан буён коронавирусга чалиниш бўйича бирор-бир расмий ҳолат қайд этилмаган. 26 январь куни президент Эмомали Раҳмон мамлакат коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган, шу билан бирга, аҳолини ниқоб режимига риоя қилиш ва масофа сақлашни унутмасликка чақирган.

Июнь ойи бошида ОАВда Тожикистонда коронавирус қайтадан авж олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса буни қатъиян рад этди ва хабарларни фақатгина миш-миш деб атади.

Пандемия бошланганидан бери, расмий статистик маълумотларга кўра, мамлакатда 13 308 киши коронавирус билан касалланган, улардан 90 нафари вафот этган ва 13 218 киши соғайиб кетган.