Ҳиндистонда уч қаторли ўриндиққа эга Hyundai Creta’нинг узайтирилган версияси — Alcazar 22 минг доллар нархида сотувга чиқди. Янги модель ҳам бензин, ҳам дизелда ҳаракатланиб, ишлаб чиқарувчи томонидан премиум модель сифатида эътироф этилмоқда, деб хабар беради Motor.
Узайтирилган Alcazar ташқи кўриниши билан стандарт Creta’дан фарқ қилади: унинг оптикаси бошқача, радиатор панжараси кумушсимон октан ва тўрсимон нақшларга эга, шунингдек, фонарлари янгича дизайнда. Бундан ташқари, узайтирилган кроссоверга 18 дюймли дискалар ўрнатилган. Бироқ энг асосий фарқи — бу унинг ўлчамларида. Hyundai Alcazar узунлиги 4,5 метрга етади, яъни у оддий Creta’дан 20 сантиметрга узунроқ, етти ўриндиқли кроссовер ўқлари орасидаги масофа эса 2,76 метрни ташкил этади. Бунинг натижасида моделнинг орқа қисми узайган ва қўшимча ойна секциялари пайдо бўлган.
Alcazar Ҳиндистонда нафақат 2+3+2 кўринишида, балки 2+2+2 — иккинчи қаторда иккита ўриндиқли вариантда ҳам тақдим этилган. Олд ўриндиқларнинг орқа қисмида йиғиладиган столчалар ўрнатилган, юкхона ҳажми эса 180 литрни ташкил этади. Интерьерининг қолган қисми стандарт Creta’дан фарқ қилмайди.
Creta’дан яна бир фарқи — двигаталлер гаммаси. Alcazar 115 от кучига эга 1,5 литрли дизель, шунингдек, 159 от кучини тақдим этувчи бензинли 2,0 литрли янги «атмосферник» билан жиҳозланган. Трансмиссия — олти поғонали автомат ёки механик узатмалар қутиси. Бензин модификацияси нархи 1,63 миллиондан 1,98 миллион рупий (21,8—26,7 минг доллар) атрофида бўлган, дизелли варианти эса 1,65—2 миллион рупий (22—27 минг доллар)ни ташкил этади.
Таққослаш учун, беш ўриндиқли Hyundai Creta Ҳиндистон бозорида 1 миллион рупий (13,5 минг доллар) туради.
Аввалроқ Hyundai 2025 йилга бориб аэропортларда учар таксилар хизматини ишга туширишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)