«Пахтакор» клубининг собиқ футболчиси Биродар Абдураимов 19 июнь куни бўлиб ўтган ЎФАнинг навбатдан ташқари конгрессида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг Саудия Арабистонига қарши ўйиндаги ҳаракатларини танқид остига олди.
Одилвой, сизни жуда яхши футболчи сифатида биламан. Илк бор Олимпия терма жамоасига жалб қилинганингизда Самарқанддаги ўйинингизни кўриб, ажойиб футболчи эканлигингизга амин бўлгандим.Бироқ сўнгги ўйинда (Саудия Арабистонига қарши — изоҳ «Дарё») мени хафа қилган бир вазият бўлди. Биринчи голга олиб келган вазият... Сизни ҳимояда ўйнашга ким мажбур қиляпти? Сиз ҳар доим ярим ҳимояда ўйнагансиз, тўғрими? Нима мажбур қилди, ахир бизга ғалаба керак эди.
Тўпни олдириб қўйганингиздан кейин... Югуриш керак, ука. Терма жамоада бундай ўйналмайди-ку! Тўғрими? Сиз сардорсиз, жамоани ортингиздан эргаштиришингиз керак. Келажакда мураббий бўласиз. Ўзбекистон учун бундай ўйнаш асло мумкин эмас!
Биродар Абдураимов, собиқ футболчи
Эслатиб ўтамиз, ушбу мажлисда Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди.
Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий терма жамоасида 2007 йилда дебютини ўтказган. Шу вақтга қадар Одил терма жамоа сафида 108 ўйинда майдонга тушиб, 20 та голга муаллифлик қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)