Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Бутунжаҳон велосипед куни муносабати билан оммавий веломарафонда иштирок этди, деб ёзмоқда «Хроника Туркменистана».
Старт чизиғида бош вазир ўринбосарлари, Мажлис раҳбари, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар ва идоралар, шунингдек, президент томонидан совға қилинган велосипедларни миниб олган болалар уйи тарбияланувчилари давлат раҳбарини кутиб олди.
Веломарафон давомида президент вазирнинг қурилиш-саноат комплекси бўйича ўринбосари Шамуҳаммет Дурдилиевга ва Ашхобод мери Язтаган Гилижовга боғлар ва майдонларни ҳозирги ҳолатда сақлаш, шунингдек, фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.
«Гурбангули Бердимуҳамедов доимгидек ажойиб жисмоний ҳолатда эканини намойиш этди. Иш жадвалининг жуда тиғиз эканига қарамай, президент доимий равишда жисмоний тарбия ва турли спорт турлари билан шуғулланиш учун вақт ажратади», — деб ёзмоқда ТДХ.
Давлат раҳбари веломарафонни ҳукумат биносининг ёнида, қолган иштирокчилар эса «Оқ шаҳар — Ашхобод» ёдгорлиги ёнида якунига етказди.
ТДХ маълумотларига кўра, мамлакатнинг барча вилоятларида веломарафон ўтказилди. Тадбир муносабати билан пойтахтда марказий кўчалар ёпилди, лекин уларнинг ёпилиши ҳақида ҳатто автобус ҳайдовчилари ҳам олдиндан огоҳлантирилмади ва улар мустақил равишда йўл излашга мажбур бўлди. Йўлларда катта тирбандлик ҳосил бўлди.
Аввалроқ Бердимуҳамедов раислигида 2 май куни Давлат хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилди. Мажлисда бош вазирнинг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Чоримурат Аманов ҳарбий ислоҳотни амалга ошириш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий таъминлаш масалаларини ҳал қилиш тўғрисида ҳисобот берди. Ҳисоботни эшитгандан сўнг президент Амановга «хизмат вазифаларини нотўғри бажаргани, бўйсунувчи муассасалар фаолияти устидан назоратни сусайтиргани учун камчиликларни иложи борича тезроқ тузатиш тўғрисида сўнгги огоҳлантириш билан» қаттиқ танбеҳ берди.
Шунингдек, Туркманистонда озиқ-овқат дўконларида навбатга туриш тақиқлангани, чунки бу президентнинг «имижига салбий таъсир қилиши» ҳақида хабар берилганди. Туркманистон савдо ишлари бўйича бош вазири ўринбосари Чори Гилижов 30 апрель куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида президент Гурбангули Бердимуҳамедовга ички бозор маҳаллий маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлангани тўғрисида ҳисобот берган.
Бундан ташқари, Туркманистон президенти иккинчи сунъий йўлдошни учиришни ва юк самолётлари сотиб олишни буюргани, саноат сектори ишини танқид қилиб, «Туркманхимия» раҳбарига қаттиқ танбеҳ бергани ҳамда олимларга картошка ҳосилдорлигини оширишни буюргани ҳақида хабар берилган.