Шимолий Корея баъзи мамлакатларни бошқалар вакцина таъминоти етишмаётганидан азият чекаётган вазиятда коронавирусга қарши вакциналарни керагидан ортиқ сотиб олгани учун танқид қилди, деб ёзмоқда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги.
«Коронавирусга қарши вакциналар ва дориларни яратиш бутун инсоният учун ютуқ бўлиши мумкин эди, лекин адолатсиз ҳақиқат шундаки, баъзи мамлакатларнинг вакциналарни олишга қурби етмаётган бир пайтда, баъзи мамлакатлар уларни керагидан ортиқ сотиб олиб, захирада сақламоқда ва бу билан вакцина миллатчилигига сабабчи бўлмоқда», — дея КХДРнинг 74-Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида тақдим этилган баёнотидан иқтибос келтирди агентлик.
Пхеньян Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)ни дунё бўйлаб вакцинанинг адолатли тақсимланишига эришишда ёрдам беришга чақирди.
Шимолий Корея COVAX Facility дастури доирасида май ойигача 1,7 миллион доза вакцина олиши керак эди, лекин етказиб бериш кечиктирилди.
Шимолий Корея, аввалгидек, мамлакатда бирорта ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолати рўйхатга олинмаганини таъкидламоқда. Лекин мамлакатда эпидемияга қарши қатъий карантин чоралари сақланиб қолмоқда.
Изоҳ (0)