Ғазонинг Жабалия шаҳрида яшовчи беш ёшли Баръа ал-Ғарабли Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳалок бўлган. 16 ёшли Мустафо Обайд ҳам 10 май оқшомида, худди ўша зарба оқибатида ўлдирилган, деб ёзади The New York Times.
Тахминан, ўша вақтда тўрт амакивачча — 2 ёшли Язон ал-Масрий, 6 ёшли Марвон ал-Масрий, 10 ёшли Раҳаф ал-Масрий ва 11 ёшли Иброҳим ал-Масрий Ғазонинг Байт-Ҳанун шаҳрида ҳалок бўлган. «Оиламизнинг қайғусини сўз билан ифодалаб бўлмайди», — дейди уларнинг бошқа бир амакиваччаси Мухлис ал-Масрий.
Фарзандлари ҳалок бўлганида нималарни ҳис қилгани ҳақида сўраганингда, Ғазодаги аксарият ота-оналар базўр пичирлаб, аммо оддий қилиб (тақдирга тан бергандек): «Аллоҳнинг иродаси», — дейди. Айтишларича, уларнинг фарзандлари шифокор, рассом ва бир етакчи одам бўлишни истарди.
«Мен ҳали ҳам ишонолмаяпман, — дейди 10 ёшли қизини йўқотган жабалиялик такси ҳайдовчиси Саъд Асалия. — Аллоҳнинг иродаси шундай бўлган, деб ўзимни тинчлантиришга ҳаракат қиляпман».
Дастлабки маълумотларга кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасида 2021 йилнинг май ойида бўлиб ўтган 11 кунлик уруш давомида Ғазода 67 нафар, Исроилда эса 2 нафар ёши 18 дан кичик бўлган болалар ўлган. The New York Times мана шу урушда қурбон бўлган болаларнинг суратларини эълон қилди.
Ўлдирилган болаларнинг деярли бари — фаластинликлар.
Ғазода аҳоли зичлиги жуда юқори, аҳолининг асосий қисми ёшлар — бу ерда яшовчиларнинг, тахминан, ярмини 18 ёшдан кичиклар ташкил этади. Шу боисдан Исроил ҳарбий самолётлари Ғазодаги уйлар ва турар жой мавзеларига зарба бераркан, хавф остида қоладиган болалар сони, табиийки, жуда кўп бўлади. Баъзида битта зарба оқибатида бутун бошли оилалар йўқ бўлиб кетади.
Исроил Ғазодаги тинч аҳоли орасида ўлимлар сони кўплиги учун жавобгарликни ҲАМАСга юклайди, чунки ҳаракат аъзолари Ғазонинг аҳоли яшайдиган ҳудудларидан туриб ракеталар учиради ва ҳарбий операцияларни амалга оширади. Исроилнинг танқидчилари эса қурбонлар сонини «босқинчи давлат ўз зарбаларини тартибсиз ва номутаносиб бераётганини тасдиқловчи далил» деб кўрсатади.
Болалар, шубҳасиз, энг заиф қатлам. Улар Ғазода кенг ёйилган қашшоқлик ва ишсизлик муҳитида катта бўлишга мажбур, Исроил ва Миср томонидан жорий этилган қамал сабаб ўзи яшайдиган секторга эркин, хоҳлаган вақтида кириб чиқа олмайди. Шунингдек, улар мунтазам уруш кўланкаси остида яшайди. Ўртача 15 яшар ғазолик ўсмир ўтган ҳаёти давомида камида тўртта Исроил босқини гувоҳига айланган бўларди. Ғазоликларнинг деярли бари урушда ўлган камида битта бўлса-да одамни билади.
«Ҳалок бўлган болалар ҳақида ўйлаётганимда мен, шунингдек, тирик қолган болалар ҳақида ҳам вайроналар остидан олиб чиқилган ва қўл ё оёғидан айрилган ёки бўлмаса мактабга борганида, дўсти бедарак йўқолганидан хабар топган болалар ҳақида ҳам ўйлайман», — дейди Ғазода болалар психологи бўлиб ишловчи Ола Абу Ҳасаббуллоҳ.
Исроил марказидаги Даҳмаш номли араб қишлоғида 12 май куни тун соат 3:00 да сирена овози жаранглаган вақти 16 ёшли Надин Авад ва унинг отаси пана жой излаб кўчага қочиб чиққан, дейди Надиннинг амакиси Исмоил Арофат. Бироқ Ғазодан учирилган ракета шундоққина уларнинг уйи олдида қулаб, ота-болани ўлдирган.
«Надин энг яхши ўқувчи эди, — дейди унинг илмий раҳбари Сирин Сламеҳ. — У инглиз тилида яхши гапирар, пианино чалишни ўрганган ҳамда яҳудий ва арабларнинг биргаликда яшаш бўйича дастурларида қатнашарди». Машъум воқеадан бир ҳафта аввал қиз ўзи тиришқоқлик билан ўқиган математика фани бўйича имтиҳондан 97 балл олганди.
Исмоил Арофатнинг айтишича, жияни отасига жуда боғланиб қолган эди, ҳаммаёқда отаси билан бирга эди. «Энг ачинарлиси, сиреналар чалинганида ҳам у отасининг ортидан кўчага югуриб чиққан. Энди эса отаси билан бирга мозорга қўйилди», — дейди у.
Болаларнинг мутлақ кўпчилиги Исроил авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлган эрса-да, истиснолар ҳам бор.
Фаластинлик болаларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг дастлабки суриштирувларига кўра, Ғазода ўлдирилган болаларнинг камида икки нафари — Баръа ал-Ғарабли ва Мустафо Обайд, катта эҳтимол билан, ҲАМАС аъзоларининг Исроил томон учирган ракетаси кутилганидек парвоз қилмагани оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
Исроилда ўлдирилган болалардан бири — Надин Авад ҳам асли фаластинлик эди. «Ракеталар ‘бу араб, буниси эса яҳудий экан’ деб фарқлаб ўтирмайди», — дейди Надиннинг амакиси Исмоил Арофат.
Шани Авигалнинг айтишича, уруш бошлангач, унинг 5 ёшли ўғли Идо Авигал шунчалик хавотирга тушиб қолганки, бир ўзини ухлатиш, ювинтириш ёки овқатлантириш мутлақо имконсиз ишга айланган.
Исроилнинг Сдерот шаҳрида сиреналар янграй бошлаганида, Идо онаси билан бирга холасининг уйидаги хавфсиз хонага яширинган. Бироқ қўшни бинога келиб урилган ракета бўлаги хонанинг қалин деразасини синдириб, Идонинг қорнига санчилган ва уни ўлдирган.
Шани Авигалнинг айтишича, унинг ўғли меҳрибон ва очиқкўнгил эди, яқинда синфдошларига «арабларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмас», деб тушунтирган. «Мен арабларнинг ҳаммаси ҳам бизни ўлдиришни истамаслигини айтдим. Охир-оқибат синфдошларимни бунга ишонтира олдим», — деганди болакай ўшанда онасига.
Худди ўша куни, 12 майда, 13 ёшли Ҳамада ал-Эмур 10 ёшли амакиваччаси Аммар ал-Эмур билан бирга соч олдиргани сартарошхонага борган — аксарият мусулмон мамлакатларда бўлгани каби фаластинликларда ҳам Ҳайит олдидан соч-соқолини тартибга келтириш одати бор.
Ҳамаданинг отаси Атия ал-Эмурнинг айтишича, Исроилнинг авиазарбаси бу икки болани ўлдирган вақтда улар Хон-Юнусдаги уйига қайтиб келиб бўлганди ҳисоб — ота ўз фарзанди ўлимининг жонли гувоҳига айланган. «Қани энди буни кўрмаган бўлсам эди! Бу даҳшат!», — дейди у.
Ҳамид Толбеҳнинг айтишича, 12 ёшли ўғли Маҳмуд Толбеҳ аълочи эди. У илмни яхши кўрар ва катта бўлганида муҳандис-механик бўлишни орзу қиларди. У уй ишларига ҳам қарашган, ўз ака-ука ва опа-сингилларига тухум ва бутербродлар, меҳмонлар учун чой ва қаҳва тайёрлаб берар, уйларни йиғиштириб, бозор-ўчарни ҳам эпларди.
«Оиламиз таянчи эди у, — дейди Ҳамид Толбеҳ. — Ҳар ишда унга суянишимиз мумкин эди».
Рамазоннинг сўнгги оқшомида Маҳмуд сартарошхонадаги амакиваччасига ёрдам бериш учун уйдан чиқиб кетган. Отасининг айтишича, ўғли сартарошхонага киришига бир неча қадам қолганида Исроил авиазарбасининг бир парчаси унинг боши ва бўйнига келиб теккан. Маҳмуд олган жароҳатлари оқибатида икки кун ўтиб вафот этган.
«Уни ёрқин бир келажак кутаётган эди. Бироқ энди бу келажак унинг ўзи билан бирга қабрга кетди», — дейди боланинг отаси.
13 ёшли Яҳё Халифа велосипед учишни яхши кўрарди, Қуръоннинг бир неча оятларини ёд олган ва кун келиб Қуддусдаги Масжидул Ақсога киришдан умидвор эди. «У бегуноҳ, ширин бир бола эди», — дейди отаси Мазин Халифа.
«У шошилинч бир ишим бор деб, қайтишда уйдагиларга йогурт ва музқаймоқ олиб келишни ваъда қилиб, ташқарига чиқиб кетганди», дейди отаси. Кўп ўтмай бола Исроил авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган.
The New York Times’нинг қайд этишича, ҳалок бўлган болаларнинг шахси, суратлари ва ўлим тафсилотлари уларнинг ота-оналари, бошқа қариндошларидан, ўқитувчилари, Ғазо ва Исроилдаги мактаблардан, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларидан, фаластинлик расмийлардан, ижтимоий тармоқлардан, Ғазо ва Исроилдаги ОАВлардан олинган. Тафсилотларнинг кўпи бир неча манба билан тасдиқланган.
Исроил ҳарбийларининг қайд этишича, улар тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун қатъий эҳтиёт чораларини кўради. Армия баёнотида таъкидланишича, Исроил зарбаларининг асосий қисми ҲАМАСнинг ерости туннеллар тармоғига, турар жой мавзелари остида жойлашган ҳарбий объектларга қарши қаратилган.
Бироқ ғазоликларнинг сўзларига кўра, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони Исроил томонидан кўрилиши мумкин бўлган ҳар қандай эҳтиёт чоралари фожиали даражада етарли эмаслигини яққол тасдиқлаб турибди. «Одамлар бу ерда қандайдир асос бор деб ўйлайди, аслида эса улар фақат оғриқ ва азоб етказишни хоҳлайди, холос», — дейди Ғазодаги Фаластин инсон ҳуқуқлари маркази директори Ражи Сураний.
Исроил ҳудудидаги йўқотишларнинг камлиги ҳам мудофаа имкониятларидаги номутаносибликни очиқ кўрсатиб турибди.
ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар томонидан Исроил шаҳар ва қишлоқлари томон, табиийки, тартибсиз равишда 4 мингдан ортиқ ракета отилди. Бироқ уларнинг аксарияти Исроилнинг «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб қолинган; Исроил расмийларининг сўзларига кўра, тизим Ғазодан учирилган ракеталарнинг тахминан 90 фоизини тўхтатган. Боз устига, аксарият исроилликларнинг уйида бомбардимондан ҳимоя қилувчи хавфсиз хоналар бор.
Ғазодаги аксарият аҳолида эса бомбардимондан муҳофаза қиладиган хавфсиз хоналар ёки пана жойлар йўқ. Ҳужумлар вақтида кўпчилик ғазоликлар БМТ мактабларида жон сақлашга ҳаракат қилади, бироқ Исроил ўрни келса бундай мактабларга ҳам зарба бериб, исталган одам исталган жойда ўлдирилиши мумкинлиги ҳақидаги даҳшатли тасаввурни янада кучайтиради.
Ҳатто Исроил ҳудудидаги араб фуқаролар ҳам бомбардимондан пана жойлар масаласида яҳудийлар билан тенг мавқеда эмас. Ғазодан учирилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган Надин Авад ҳам Исроилнинг ҳаво ҳужумидан пана қилувчи махсус жойи йўқ араб қишлоғида яшарди.
Ғазо шимолидаги бадавийлар маҳалласи — Умм-ан-Насрда яшовчи Носир Абу Фариснинг айтишича, унинг 17 ёшли қизи Фавзия Абу Фарис оиланинг чорвасини соғиб, янги пишлоқ ва қатиқ тайёрлаш учун ҳар куни эрта тонгда уйғонарди. Уруш вақтида 9 ойлик Муҳаммад Абу Дае ҳам ҳалок бўлган.
Ғазодаги Байт-Лаҳия шаҳри ҳаво ҳужумига учраганида вақт аллақачон ярим тундан ўтган, қўрқиб кетган уч бола — 9 ойлик Муҳаммад Зайн ал-Аттор, унинг опаси 6 ёшли Амира ал-Аттор ва акаси 8 ёшли Ислом ал-Аттор онаси атрофида ғужанак бўлиб ётганди.
Болаларнинг отаси Муҳаммад ал-Атторнинг айтишича, биринчи зарба улар яшайдиган уйнинг эшигига урилиб, уйдан қочиб чиқишни имконсиз қилиб қўйган. Сал ўтмай келган иккинчи зарба эса уч қаватли бинони бутунлай вайрон қилган.
Муҳаммад ал-Аттор бир амаллаб омон қолган, бироқ хотини ва болалари бетон устун остида қолиб кетган — тўрталасининг жасади биргаликда топилган.
Руҳий саломатлик соҳаси мутахассислари ва Ғазодаги болалар билан ишловчи мустақил ташкилотлар вакилларининг сўзларига кўра, бу ерда болалар одатда посттравматик стресс, сурункали қўрқув ва хавотир ҳиссидан азобланади. Бундай ҳиссиёт қўрқинчли тушлар кўриш ва тажовузкор хулқ-атворнинг шаклланишига олиб келади.
«Ғазо болалар учун аллақачон зўравонлик ва даҳшат маконига айланиб қолган, чунки улар бу ерда доимий ҳарбий бошқарув остида яшайди», — дейди Ғазодаги болалар учун психотерапевтик ва таълим дастурларини ташкил этадиган Қочоқлар бўйича Норвегия кенгаши вакили Карл Шембри. Ушбу гуруҳ дастурларига жалб қилинган ғазолик 11 нафар бола май ойида, ўз уйида ҳалок бўлган.
«Ўз қўрқувлари ва жароҳатларини ўтмишда қолдиришлари учун уларга ёрдам ва ғамхўрлик кўрсатилаётган эди. Энди бўлса улар ўз орзулари ва қўрқувлари билан бирга дафн этилди», — дейди Шембри.
12 ёшли Суҳайб ал-Ҳадидий Ғазо шаҳридаги гавжум Шати қочоқлар лагерида ота-онаси ва тўрт ака-укаси билан бирга яшарди. У эркинлик тимсоли бўлган қушларга қизиқарди. Унинг тўтиқуши бўлиб, унга елкасида ўтиришни ўргатган ва келажакда наслчилик мутахассиси бўлиш орзуси бор эди, дейди амакиваччаси Абдулла ал-Ҳадидий.
Абдулланинг қўшимча қилишича, Суҳайбнинг 10 ёшли укаси Яҳё тортинчоқ, велосипед учишни ва мушукларни ўйнатишни яхши кўрадиган бир йигитча эди. 5 ёшли Усама ал-Ҳадидий эса, таъбир жоиз бўлса, оиланинг энг олифта вакили саналарди — Абдулланинг айтишича, Усама «ҳар икки соатда ювиниб, кийимини алмаштирар», ташқи кўриниши яхши бўлишини хоҳларди.
7 ёшли Абдурраҳмон ал-Ҳадидий инглиз тилини ўрганаётганди, орзуси Туркияга бориш эди. «Масофадан бошқариладиган машиналарни ўйнашни яхши кўрарди», — дейди отаси Муҳаммад ал-Ҳадидий. Тўрт ўғилнинг бари онасининг ёнида ухлаб ётганида берилган Исроил авиазарбаси оқибатида қурбон бўлган.
Ал-Қавлақ оиласининг Ғазо шаҳри бош кўчаси — Ал-Ваҳдада иккита ёнма-ён кўп қаватли уйи бор эди. Исроил томонидан 16 майга ўтар кечаси соат 1:00 атрофида берилган авиазарба оқибатида ҳар иккала бино вайронага айланиб, катта оиланинг 20 дан ортиқ аъзоси ўлди. Уларнинг саккиз нафари болалар эди: 9 ёшли Яра ал-Қавлақ, 12 ёшли Ҳала ал-Қавлақ, 5 ёшли Рула ал-Қавлақ, 8 ёшли Зайд ал-Қавлақ, 6 ойлик Қусай ал-Қавлақ, 3 ёшли Одам ал-Қавлақ, 15 ёшли Аҳмад ал-Қавлақ ва 14 ёшли Ҳана ал-Қавлақ (сурати йўқ).
«Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, — дейди бомбардимондан омон қолган Васим ал-Қавлақ. — Бу ҳатто қийноқдан ҳам баттар иш!».
15 ёшли Дима ал-Ифранжий (суратда — энг чапда) тўнғич фарзанд ҳамда отасининг ишонган тоғи эди. У ўз синфида аълочилардан бири эди, инглиз ва француз тилларида гаплаша олар ва, отаси Рами ал-Ифранжийнинг айтишича, тиббиётни ўрганмоқчи эди. «У ажойиб қиз эди. Хорижий тиллар билимдон эди», — дейди ота.
Унинг укаси, 13 ёшли Язон ал-Ифранжий ақлли, дарсларда саволларга биринчилардан бўлиб жавоб берадиган ўқувчилардан бўлган. Отасининг айтишича, болакай футбол ўйнаш ва мусиқа эшитишни ёқтирар, катта бўлганида эса компьютер муҳандиси бўлмоқчи эди.
11 ёшли Мира ал-Ифранжий эса ўзини келажакда тиш шифокори сифатида тасаввур қиларди. 9 ёшли Амир ал-Ифранжий эса юзидан табассум аримайдиган мулойим, севимли машғулоти футбол ва телефонида ўйин ўйнаш бўлган бола бўлган. Исроилнинг 16 майдаги авиазарбаси оқибатида тўрт бола ва уларнинг онаси бирга ҳалок бўлган.
Ҳайит байрами аллақачон тугаганига қарамай, 9 ёшли Дана Ишконтана ва 5 ёшли Лана Ишконтана байрамона кийимларини кийиб чиқишга қарор қилганида, тун ярмидан оғганди. Амакиси Роид қизалоқларни телефонига суратга тушираётганида уни бошқа икки жияни — 4 ёшли Яҳё Ишконтана ва 2 ёшли Зайн Ишконтана кузатиб ўтирарди.
Шундан сўнг Роид шоколадли батончик ва картошкали чипс каби ул-бул олиб келгани дўконга чиқиб кетган. Амакининг сўзларига кўра, унинг тўрт жияни ва уларнинг онаси Исроил авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган. «Қани энди ўша вақт ташқарига чиқиб кетмаганимда эди», — дея азобланади у.
13 ёшли Тала Абу Элуфни отаси «Галактика» деб чақирарди, чунки қизининг териси ранги «Галактика» номли шоколадникини ўхшайди, деб ўйларди. Тала ҳазилкаш қизча эди, отаси — доктор Айман Абу Элуф уни жуда ардоқларди, дейди қизнинг амакиваччаси Аъло Абу Элуф.
Абу Элуфнинг айтишича, Таланинг акаси — 17 ёшли Товфиқ Абу Элуф ўқишга жиддий қарайдиган бола эди, фаластинлик ўқувчилар ўрта мактабни тугатиш арафасида топширадиган стандарт тест имтиҳонларига қаттиқ тайёргарлик кўраётган эди.
Доктор Айман Абу Элуфнинг оиласи — ўзи, қизи, ўғли ва аёли 16 май куни Ғазодаги Ал-Ваҳда кўчасига Исроил томонидан берилган авиазарбалар оқибатида ўлган.
10 ёшли Рафиф Абу Дайер сурат чизишни яхши кўрарди. У Ғазодаги икки кун аввал Исроил авиазарбаси оқибатида вайрон қилинган осмонўпар бино суратини чизиб, унга энди ранг бераётганида онаси уни тушликка чақирган. «Овқатингни еб олгач, яна чизаверасан», — деган онаси унга.
Қизалоқ боғ-ҳовлида 13 қариндоши билан бирга тушлик қилишга ўтириши билан, орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, Исроил қўшни биноларга зарба беради. Бомба парчалари ва вайрон бўлган бинодан учиб келган тош бўлаклари Рафифга урилади. У билан бирга амакиси ҳам ҳалок бўлади.
Исроил ва ҲАМАС ўт очишни ўзаро тўхтатиш ҳақидаги келишувга эришишидан бир кун аввал, 19 май куни 10 ёшли Дима Асалия опасининг уйидан пицца пиширишга мўлжалланган электр печкани олиб қайтаётган эди. Отаси Саъд Асалиянинг сўзларига кўра, печка кичкина, футбол тўпидек эди, оила унда нон ёпмоқчи бўлган.
Фожиадан аввал қизалоқнинг устидан Исроилнинг кузатувчи дрони учиб ўтган. Саъд Асалия энди «исроиллик аскарлар қизимнинг қўлидаги нарсани қурол деб ўйлаганмикин?», деган саволни тинмай ўзига беряпти.
«Эҳтимол, печка сабаб уларнинг сигнализацияси ишлаб кетгандир. Бироқ унинг қанчалар кичкина эканлигини наҳотки кўришмаган бўлса?», — деб савол устига савол беради ота. Битта портлаш билан, қизалоқ бу ёруғ оламни тарк этган, тамом.
«Унинг суратини кўряпсанми?, — деб сўрайди Диманинг отаси The New York Times мухбиридан. — У шундай қайғуда қолишимизга муносиб».
Изоҳ (0)