Чехия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари прокуратурага Европа Иттифоқи субсидияларидан фирибгарлик билан фойдаланганликда гумон қилинаётган бош вазир Андрей Бабишга қарши айблов эълон қилишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Associated Press хабарига кўра, Прага прокуратураси полиция текшируви натижаларини олганини, шунга кўра Бабиш Европа Иттифоқи жамғармаларидан ажратилган 2 миллион доллар маблағ билан фирибгарликда гумон қилинганини эълон қилди.
Таъкидланишича, аввалроқ полиция бош вазирга қарши айблов эълон қилишни сўраган, аммо прокуратура ишни тўхтатишга қарор қилган. Ўшанда мамлакат бош прокурори Павел Земан полицияда етарли далиллар йўқлигини айтган.
34 мингдан кўп саҳифали материалдан иборат иш Бабишга тегишли Agrofert конгломератидан бош вазир оиласи аъзоларига ўтганидан кейин Европа Иттифоқи субсидияларини олган фермер хўжалигига алоқадор. Субсидиялар кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган эди, Agrofert ушбу талабга жавоб бермаган.
АP таъкидлашича, кейинчалик ферма яна конгломерат назоратига қайтарилган.
Бабишнинг ўзи барча айбловларни рад этмоқда.
Изоҳ (0)