Тошкент ҳалқа йўли ва Бунёдкор шоҳкўчалари кесишмасидаги айланма кўприк устида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, автобуслардан бири пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган фуқароларга йўл бериб тўхтаган пайтда, унинг ортидан келаётган бошқа бир Isuzu ҳайдовчиси ўз вақтида тормозланишни амалга ошира олмай, унинг ортига келиб урилган.

Дастлабки тахминларга кўра, авария автобуснинг белгиланган тезлик меъёридан ортиқ тезликда ҳаракатлангани натижасида келиб чиққан.

Оқибатда пиёдалардан бири оғир аҳволда шифохонга юборилган. Бироқ жабрланувчи шифохонага етиб бориши билан вафот этган.

Аввалроқ Самарқандда ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида «КамАЗ» юк машинаси Isuzu билан тўқнашиб кетгани, Бухорода содир бўлган ЙТҲда 14 ёшли мактаб ўқувчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани, Яккасаройда Isuzu автобуси билан тўқнашган Nexia ҳайдовчиси, Яшнободда Matiz уриб юборган йўловчи вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.