Малида содир этилган ҳарбий тўнтариш раҳбари полковник Ассими Гойта ўзини мамлакат президенти деб эълон қилди. Бу ҳақда Africa News агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, тегишли баёнот бош вазир Моктар Уан ва Мали собиқ президенти Бах Ндау ҳибсдан озод қилинганидан бир неча соат ўтгач берилган.
Мамлакатнинг ҳокимиятдан ағдарилган икки раҳбари 24 май, душанба кунидан бери ҳарбий қамоқхонада сақланаётган эди. Ҳибсга олишдан бир кун ўтиб, вице-президент Ассими Гойта президент ва бош вазир барча ваколатлардан маҳрум қилинганини айтди. 26 май куни улар истеъфо берди, 27 май куни эса озод этилди.
Шу тариқа Малида тўққиз ой ичида иккинчи марта ҳарбий тўнтариш юз берди. Тўнтаришдан кейин комендантлик соати ўрнатилиб, ташқи чегаралар ёпилди.
Ўзини Мали президенти деб эълон қилган Ассими Гойта илгари муваққат вице-президент бўлиб ишлаган. Аввалроқ Гойта мамлакатда 2022 йилда янги сайловлар ўтказишга ваъда берган эди. Малидаги ҳозирги вазият кескин, аммо тинч деб баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)