Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида халқаро террористик ташкилот тарафдори бўлган шахс 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида яшовчи шахс 2021 йилда Telegram’да канал очиб, унга ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни жойлаб, каналнинг 9 нафар обуначисига тарқатади. Бундан ташқари у Instagram’да ҳозирги кунда Сурия давлатида фаолият олиб бораётган “Тавхид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг инструктур ва медиа тарғиботчиси билан боғланиб, унинг даъватлари таъсирига тушган. Сўнгра Сурияга жиҳод қилиш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида ўзаро аудио ва хабар орқали ёзишмалар олиб бориб, халқаро террористик ташкилот сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирган.
Ўз навбатида ушбу шахс яқин танишлари ва ўзининг синфдошлари орасида “жамоат” шакллантириб, уларни Сурия ҳудудига “ҳижрат” қилиб, террорчи гуруҳлар қаторига қўшилишга даъват қилган.
ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида унинг ноқонуний ҳаракатлари тўхтатиб қолиниб, ҳуқуқий баҳо берилди.
Натижада жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди, 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
ДХХ бундан аввал Андижон вилоятида 28 ёшли халқаро террористик ташкилот тарафдори 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)