Германия ва Нидерландия ҳарбийларидан иборат НАТО корпуси Эстонияга жойлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий ERR телекомпанияси хабар берди.

Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур маълумотни тасдиқлаган, ҳарбийлар Пярну шаҳрига жойлаштирилиши кутилмоқда. Якуний қарор 2025 йил давомида қабул қилиниши керак.
Бу нафақат қўмондонлик вазифаларини бажараётган иттифоқдошларга, балки эстониялик ҳарбийларга, жумладан, ҳарбий хизматни ўтаётганларга ҳам тааллуқли бўлади, деди Певкур.
У бу қарорни мамлакат мудофаа кучлари учун “стратегик аҳамиятга эга қадам” деб атади. Вазирнинг таъкидлашича, Эстонияда иттифоқдошлар корпусини жойлаштириш режалаштирилаётгани сабабли 200 нафар ҳарбий учун зарур инфратузилма қурилади. Ушбу лойиҳага 17 миллион евро ажратилиши режалаштирилган.
Пярну шаҳри логистика ривожлангани сабабли мақбул вариант сифатида кўрилмоқда. Унинг ёнида порт, аэродром, темирйўл, шоссе мавжуд ва аҳоли пункти Латвия пойтахти Ригага яқин жойлашган. Эстония 2004 йилдан бери НАТО аъзоси ҳисобланади.
Германия аллақачон Литвада ҳарбий бригадасини жойлаштирган
Болтиқбўйининг яна бир давлати — Литвада НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш учун Германия қуролли кучлари бригадаси расман доимий равишда жойлаштирилган. 5000 минг нафар ҳарбий 2027 йил охиригача тўлиқ жанговар ҳолатга келтирилиши режалаштирилган.

Бригада Руднинкай қишлоғида қурилиши кутилаётган янги ҳарбий комплексга жойлаштирилади. Унгача ҳарбий хизматчилар вақтинчалик базаларда қолади. Айни пайтда Литвада фақат 150 нафар Бундесвер ҳарбий хизматчиси бор. 2024 йил августида Литва Мудофаа вазирлиги Руднинкайда мамлакат тарихидаги “энг йирик ҳарбий инфратузилма” қурилиши бошланганини маълум қилган. Ҳарбий шаҳарчанинг умумий майдони 170 гектарни ташкил этади.
Изоҳ (0)