“Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодий мактаби анъаналарини муносиб давом эттиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Олий мактабда ўқув жараёни 2025/2026-ўқув йилидан бошланади. Олий мактабга бошланғич мусиқий билимга эга бўлган ўқувчилар ижодий синов асосида 9-синфдан қабул қилинади.
Ўқув жараёни давлат грантига асосланган 3 йиллик ўқув дастури бўйича ташкил этилади ҳамда битирувчиларга ўрта махсус касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади. Олий мактабнинг иқтидорли битирувчилари ўз ўқишини тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотларининг 2-босқичидан давом эттириши мумкин.
Шунингдек, олий мактабда Шерали Жўраев ижодий йўналиши ва фаолияти бўйича илмий-ижодий лаборатория фаолияти йўлга қўйилади.
Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилиши ҳақида 28 июль куни Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишганида маълум қилинганди.
Президент Андижон вилоятига ташрифи чоғида халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ташаббусини билдирганди. Шунга мувофиқ, Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида ижодкор номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилди. Шерали Жўраев номидаги миллий қўшиқчилик телетанлови ҳар йили ўтказилади.
Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг “олтин фонди” яратилади. Замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, иқтидорли ёш ижодкорлар ундан имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлади.
- Президентнинг 28 июлдаги қарори билан Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси ҳам таъсис этилганди. 2026 йилдан ҳар икки йилда бир марта эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик танлови ўтказиб борилади.
Изоҳ (0)