Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг 30 йил ўтиб мамлакатда метрода йўловчиларни ташишни тўлиқ тартибга солувчи қонунчилик йўқлиги маълум бўлди, деб хабар беради Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.

Фото: «Дарё»

Кейинги вақтларда пойтахт аҳолиси ерости транспортида тез-тез муаммоларга дуч келмоқда. Йўловчилар томонидан суратга олинган видеоролик кейинчалик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, пойтахт аҳолиси орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Агентлик томонидан пойтахт метрополитени йўловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилган ишлар натижаларига кўра, истеъмолчиларга бевосита метрополитенда йўловчиларни ташиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикаси «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонунидан ташқари) амалда мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Ҳолбуки, мамлакатда темир йўл, ҳаво ҳамда автомобиль транспортларида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қатъий қонун билан аниқ тартибга солинган. Агентлик, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа мамлакатларнинг метрополитендан фойдаланиш ва эскалаторда ўзини тутиш қоидалари, йўловчилар хавфсизлиги, багаж ва қўл юкларини ташиш ҳамда уларни сақлаш тартиби, тижорат объектлари ва рекламаларни жойлаштириш тартиблари бўйича тажрибаларини ўрганди. Бундай ҳужжатлар истеъмолчилар учун очиқ манбаларда берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, агентлик Ўзбекистон Транспорт вазирлигига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этди.

  1. Йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан метрополитенда йўловчилар, багаж ва юк багажи ташиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида тасдиқлаш ҳамда унда қуйидагилар:
  • йўловчи ва ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, авария ва техник носозликлар юзага келганда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар (батафсил ёритган ҳолда), авария ва техник носозлик сабабли хизмат кўрсатиш тўхтатилганда йўловчига етказилган зарарларни (шу жумладан, тўланган пулларни) қоплаб беришнинг аниқ тартиби ва механизмлари;
  • йўловчи-истеъмолчилар билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
  • метрополитенда йўловчи хавфсизлигини таъминлашнинг давлат кафолатларини назарда тутиш зарур.
  1. Моддий-техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, метрополитен хизматларининг санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда кўрсатилишини ҳамда йўловчилар ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилиши имкониятларини таъминлаш.
  2. Аҳолининг ахборот хабардорлигини янада ошириш, хизмат кўрсатиш қоидаларини тушунарли (видеографикли, анимацияли) тарзда йўловчиларга етказиш, шу жумладан, бекат ва вагонлардаги мониторларда мунтазам равишда бериб бориш.

Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Шунга кўра, ижрочи (ташувчи)нинг айби билан йўловчи белгиланган манзилга етказиб қўйиш таъминланмаган тақдирда ижрочи йўловчини белгиланган бошқа транспорт воситаси орқали манзилига етказиб қўйиш ёки йўловчи томонидан тўланган пул маблағларини қайтариш чораларини кўриши шарт.

Бундан аввал Тошкентда метро поезди «Ҳамид Олимжон» бекатида тўхтаб қолгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, 9 апрель куни ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди. Шу билан бирга, метрополитендаги ерости ва ерусти поезд ҳаракатларининг бир нечта бошқа видеолари ҳам ижтимоий тармоқларда кўп бора муҳокама қилинди. 28 апрель куни эса туннелда тўхтаб қолган поезд ҳақидаги видео тарқалди, унда йўловчилар рельслар орқали ҳаракатланиб, бекатга етиб олгани тасвирланган.

18 март куни эса «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашганди.