Лас-Вегас июнь ойида бўлиб ўтадиган Barrett Jackson аукционида «Форсаж» фильмининг бош қаҳрамони — марҳум Пол Уокер ижросидаги Брайан O’Коннор ҳаракатланган тўқ сариқ Toyota Supra сотувга қўйилади, деб хабар беради Motor.
Япон спорткарининг блокбастердаги роли машинани бутун бошли автомобиль ишқибозлари учун ноёбга айлантирган. Фильм прокатга чиққач, ушбу Toyota’нинг кўплаб нусхалари яратилган.
Сотувга қўйилган машина hero car дейилади: автомобилдан йирик планларни суратга олишда фойдаланилган ва шу сабабли унинг техник ҳолати яхши (трюкларни бажарадиган бошқа машиналардан фарқли ўлароқ). Supra’нинг 1994 йилда ишлаб чиқарилган ушбу нусхаси иккита турбинага эга стандарт 2JZ-GTE двигатель ҳамда тўрт поғонали A340E автоматик трансмиссияси билан жиҳозланган.
Фильм учун машина Lamborghini’нинг ёрқин сариқ рангига бўялган, Сан-Диэгодаги Modern Image устахонаси эса Nuclear Gladiator аэрографиясини амалга оширган. Машинага Bomex «обвеси», TRD капоти, АPR алюминий антиқаноти ва Dazz Motorsport Racing ғилдираклари ўрнатилган.
Айнан мазкур автомобиль франшизанинг иккинчи фильмида ҳам суратга тушган: Supra’да иккинчи даражаи персонаж Слеп Жек ҳаракатланган. «Иккиталик Форсаж» учун машина тилларангга бўялган ва «обвеси» ўзгартирилган, бироқ кейин яна дастлабки ҳолатига қайтарилган.
Barrett Jackson аукциони 17—19 июнь кунлари бўлиб ўтади ва Supra захирасиз сотилади.
Аввалроқ «Форсаж» фильмида омон қолган ягона Ливан спорткари аукционга қўйилиши, Австралияда «Форсаж» фильмида суратга тушган 50 йиллик Chevrolet аукционга қўйилгани, Пол Уокерга тегишли бўлган ўрта моторли BMW М1 суперкари сотилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)