Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида профилактика инспекторига бўйсунмаган ҳайдовчи қўлга тушди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 20 май куни соат 20:00 лар атрофида Тойлоқ туманнинг «Чароғбон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўлда оқ рангли, давлат рақам белгисиз Lacetti русумли автомашина қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келган.
Ҳайдовчининг ҳаракатлари мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспектори А.Турсуновда шубҳа уйғотганлиги сабабли машина эгасига тўхташ ишорасини берилиб, ундан тегишли ҳужжатлар сўралганида, ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабини бажармасдан, автомашинани ортга буриб қочиб кетган.
Профилактика инспектори ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Олиб борилган суриштирувлар давомида ушбу фуқаро Тойлоқ тумани «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган П.Ж. эканлиги аниқланиб, унга туман ИИБга бориш таклиф қилинганида, фуқаро ходимларга фаол қаршилик кўрсатган.
Профилактика инспектори томонидан эвакуатор чақиртирилиб, фуқаронинг автомашинаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига юборилган.
Фуқаро П.Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаларига (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатларни Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судига юбориш чоралари кўрилмоқда.
Бундан аввал Бўстонлиқда Тошкент шаҳар ИИББ ходими иштирокида ЙТҲ юз бергани, Сурхондарёда ҳайдовчи «Жигули»да 16 нафар фуқарони олиб кетаётгани аниқлангани ҳамда бухоролик ҳайдовчи қарздорлигини яшириш мақсадида машинасининг рақамини ўзгартиргани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)