Конго ва Руанда чегарасида Ньирагонго вулқони отилишни бошлади, деб ёзади «РБК» маҳаллий нашрларга таяниб.
Вулқон яқинида жойлашган 1,5 миллион аҳолига эга Гома шаҳридан фуқароларни эвакуация қилиш бошлангани ҳақида мамлакат Алоқа ва ОАВ вазирлиги хабар берди.
«Гома шаҳридан эвакуация режаси ишга туширилди. Ҳукумат қарори бош вазир раислигидаги фавқулодда мажлис чоғида қабул қилинди», — дейилади вазирлик хабарида.
Маҳаллий телеканалга кўра, Гомадан қочиб келаётган одамлар учун Руанда ҳукумати ўз чегараларини очган. Маҳаллий аҳоли Руанданинг Рубаву провинцияси ҳудудида чегарани кесиб ўтиб, мактаблар ва черковлар биноларига жойлаштирилмоқда.
Вулқон лаваси аллақачон Гоманинг Муниги туманигача етиб келган. Йўлда лава оқимлари учта қишлоқни вайрон қилган.
https://twitter.com/NewTimesRwanda/status/1396158713040355340
https://twitter.com/MnctvC/status/1396247190679564291
Ушбу вулқон 1882 йилдан буён 34 марта отилган, сўнгги марта бу 2002 йилда содир бўлган эди, оқибатда лава Гома шаҳрини вайрон этиб, 250 кишининг ўлимига сабаб бўлган, 120 минг одамни бошпанасиз қолдирган. Ньирагонгонинг энг кучли отилишларидан бири 1977 йилда қайд этилган, ўшанда 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)