Татаристон раҳбари Рустам Минниханов 17 май куни расмий ташриф билан Туркманистонга келди, деб ёзмоқда «Хроника Туркменистана».
Дастлаб президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан икки томонлама, кейинроқ эса кенгайтирилган тартибда музокаралар бўлиб ўтди. Туркманистон раҳбари апрель ойи охирида Қозонга Евросиё иқтисодий иттифоқининг саммитида иштирок этиш учун борган ўғли бошчилигидаги делегацияни илиқ кутиб олгани учун ҳамкасбига миннатдорчилик билдирди.
Музокаралардан кейин Татаристон муфтийси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига, Туркманистон муфтийси эса Қозон фожиасида ҳалок бўлганлар хотирасига дуо қилди.
Маълумот учун, аввалроқ Парахат-7 туманидаги Ашхобод масжидининг атрофидаги ҳудуд зудлик билан тартибга келтирилди. У ерга президентларнинг ташриф буюриши кутилаётган эди, лекин муфтийлар президент саройида ибодат қиладиган бўлди.
Кейин давлат раҳбарлари МИ-17-1Б вертолётини кўздан кечирди.
Ташриф якунида Гурбангули Бердимуҳамедов Рустам Миннихановга Акдўст лақабли алабай зотидаги кучук боласини совға қилди. Кучукни Миннихановга «Туркман алабайлари» халқаро ассоциациясининг раҳбари Сердар Бердимуҳамедов топширди. Татаристон етакчиси ҳамкасбига «оригинал совға» учун миннатдорчилик билдирди.
Аввалроқ Туркманистон парламенти «Хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Халқ итбоқари» фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғлини «Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар» унвони билан тақдирлади.
Бундан ташқари, Бердимуҳамедов Туркманистон пойтахтининг юбилейи куни туғилган биринчи чақалоққа Ашхобод деб исм қўйишни буюрган эди. Шунингдек, у театрларда «халқнинг бахтли ҳаёти» тўғрисидаги спектакллар йўқлиги сабаб маданият вазирига ҳайфсан берган.
Шунингдек, Туркманистонда Вазирлар Маҳкамасининг 7 май куни бўлиб ўтган йиғилишида президент Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосарларига «Менинг оппоқ шаҳрим — Ашхобод» номли янги китоби устидаги ишларни якунлаганини айтди. Хабарга кўра, Туркманистон пойтахтининг 140 йиллигига бағишланган мазкур китобда шаҳар тарихи, географияси, шунингдек, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган кўплаб иншоотлар тасвирланган.
Изоҳ (0)