Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ва Исроилнинг араблар яшайдиган бошқа минтақаларида умумий иш ташлаш эълон қилинди, деб ёзмоқда Anadolu агентлиги.

Фото: aa.com

Хабарга кўра, Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари ва Шарқий Қуддусдаги тажовузкор ҳаракатлар учун Фаластин сиёсий гуруҳлари ва касаба уюшмаларининг чақириғига биноан фаластинликлар иш ташлади.

18 май куни эрталаб Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги ва араблар яшайдиган Исроил шаҳарларидаги савдо дўконлари ёпилди. Ғарбий соҳилда иш ташлашларга хусусий муассасалар, университетлар ва банклар ҳам қўшилди, минтақада йўл ҳаракати жадаллигининг пасайиши кузатилмоқда .

Ал-Халил шаҳри миллий ва исломий кучлар координатори Фаҳми Шаҳиннинг айтишича, Фаластин халқи Исроилнинг ваҳший ҳужумларига ва халқаро ҳамжамиятнинг ушбу ҳаракатларга нисбатан позициясига қарши ғазабини ифодалаш учун иш ташлашга киришган.

«1948 йилги ҳудудлар деб билинадиган барча Фаластин ерларини қамраб олган бундай акцияда фаластинликларнинг иштироки катта аҳамиятга эга. Фаластин гуруҳлари ўзларининг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлигини оширмоқда, иш ташлаш кучайгандан кейин барча томондан кураш давом этади», — деди Шаҳин.

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида 10 майдан бери ҳалок бўлган фаластинликлар сони 217 кишига етган. Улардан 63 нафари болалар, 36 нафари аёллар. Шунингдек, 1500 киши жароҳат олган.

Халқаро ҳамжамиятнинг тинчликка чақириқларини эътиборсиз қолдирган ҳолда Исроил қамалда қолган Ғазога ҳам қуруқликдан, ҳам ҳаводан ҳужумни давом эттирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабарига кўра, Исроил мудофаа кучларининг  Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида камида 52 минг фаластинлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Ташкилотнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси матбуот котиби Йенс Лаэрке маълум қилишича, бошқарма қўл остидаги 58 та мактабдан 47 минг фаластинлик учун бошпана сифатида фойдаланилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Исроил Ғазо секторига олиб борадиган деярли ягона савдо йўли — «Карим Абу Салим» назорат-ўтказиш пунктини очиш ниятидалигини маълум қилган.

Лаэрке Ғазода инсонпарварлик ҳолатининг ёмонлашаётганига эътибор қаратди ва Тель-Авивни Ғазо билан чегарада жойлашган Байт-Ханун назорат пунктини очишга чақирди.

Бошқарма вакили Ғазога электр энергиясини етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларга ҳам тўхталиб, ҳудудга электр энергияси кунига атиги 6-8 соат давомида етказиб берилаётганини қайд этиб ўтди.

Фаластин—Исроил низосининг 2014 йилдан буён кузатилган энг кучли авж олиши май ойида Исроил ҳукуматининг Қуддусда бир қатор араб оилаларини кўчириб юбориш қароридан кейин бошланди. Бу норозиликларни келтириб чиқарди ҳамда Қуддусда араб намойишчилар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлди.

Вазиятга ҲАМАС аралашди. Исроил унинг полицияни олиб кетиш ҳақидаги талабларини бажармаганидан кейин гуруҳ ракеталар отишни бошлади. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини ўққа тутди.