Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг вилоят, туман ва шаҳар қуйи бўғинлари ҳамда маҳаллий ижро идоралари томонидан қай даражада амалга оширилаётганига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Болаларда касалликларни аниқлаш учун оммавий тиббий кўриклардан воз кечиб, ҳар бир ҳудуднинг хусусиятлари, касалликлар динамикасидан келиб чиқиб, мақсадли скринингларни йўлга қўйиш зарур.
Мисол учун, Қорақалпоғистон ва Хоразмда эндокрин ва буйрак касалликлари, Қашқадарё ва Сурхондарёда ошқозон-ичак касалликлари ва камқонлик, Бухоро ва Навоийда нафас йўли касалликлари бўйича болалар ўртасида манзилли скрининг тадбирлари ўтказилиши лозим.
Бундан ташқари, Боситхонова (соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари) соғлом оналикни таъминлаш бўйича мутлақо янги вертикал тизимни жорий қилишга масъул бўлади.
Бунинг учун вилоятларда перинатал ва скрининг марказлари ягона кластер сифатида бирлаштирилади ва тумангача тушадиган бўғин ташкил этилади. Кластер раҳбари оналик масалаларига бирламчи бўғиндаги аёллар маслаҳатхонаси ва ‘тиббий бригадалар’ шифокори фаолиятини мувофиқлаштиришга шахсан жавоб беради.
Умуман, Боситхонова оналик ва болаликни муҳофаза қилиш билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи масалаларига шахсан жавобгар.
Бундан ташқари, Боситхоновага оналик ва болалик масалаларида халқаро ташкилотлар (ЮНИСЕФ, Аҳолишунослик фонди) грантларини жалб қилиш, маблағларни тақсимлаш ваколати берилади ҳамда шахсан масъул ва жавобгар бўлади», – деди Президент.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев 20 та туманнинг тиббиёт бирлашмалари фаолиятини танқид қилди
- Шавкат Мирзиёев олис ҳудудларга шифокорларни жалб қилиш ишлари суст олиб борилаётганини кескин танқид қилди
- «Барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта ИТ-оператор–ҳамшира лавозими жорий этилади» – Шавкат Мирзиёев
- Шавкат Мирзиёев: «Хусусий тиббиёт ташкилотларига лицензия бериш тартиби соддалаштирилиб, жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади»
Изоҳ (0)