Исроил ҳарбийлари ҲАМАС ҳаракатининг ички хавфсизлик штаби ва қурол-яроғ омборига ҳужум қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари Twitter’ига таяниб, «РБК» хабар берди.
Ҳарбийларнинг маълум қилишича, мазкур бинода Рафах шаҳри ички хавфсизлик бошлиғининг идоралари ва бошқа бўлимлар жойлашган.
Бундан ташқари, сўнгги бир неча кун ичида Исроил армияси Ғазо шаҳридаги ҲАМАС кибербўлинмасига ҳужум қилди.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Ғазо секторига Исроил томонидан уюштирилган авиазарбалар оқибатида 103 киши, жумладан 27 бола ва 11 аёл ҳалок бўлган, яна 580 киши жароҳат олган.
10 майдан буён Исроил ҳарбийлари ва Фаластиндаги экстремистик ҳаракатлар жангарилари бир-бирларининг ҳудудларига ракета ҳужумларини уюштирмоқда. Ракета ҳужумлари Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган Шарқий Қуддусдаги кескинлик кучайган бир пайтда юз бермоқда. 7 май куни Исроил судининг қарорига биноан Маъбад тоғлари яқинидаги «Шайх Жарроҳ» маҳалласидан араб оилаларини кўчириб юбориш жараёни бошланган эди. Бунинг натижасида ҳудудда норозилик намойишлари ва тўқнашувлар келиб чиқди. Хусусан, Маъбад тоғидаги ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси билан юзага келган тўқнашувда юзлаб фаластинликлар жароҳатланди.
Шундан сўнг ҲАМАС ҳаракати Исроил марказидаги шаҳарларга йирик ракета ҳужуми уюштирди. Исроил янги зарбалар билан жавоб қилди. Исроил Мудофаа кучларининг маълумотларига кўра, Исроил-Фаластин ўртасидаги можаро авж олганидан бери Ғазо секторидан камида 1600 ракета Исроил томон отилган, улардан 400 га яқини Ғазо сектори ҳудудининг ўзига тушган.
Шунингдек, Исроилнинг бир қатор шаҳарларида яҳудийлар ва араблар ўртасида тўқнашувлар ва тартибсизликлар бошланди. 12 май куни тартибсизликларда қатнашган 400 дан ортиқ киши ҳибсга олинди.
Изоҳ (0)