Сассекс герцогиняси Меган Маркл «Ўриндиқ» (The Bench) номли болалар китобини нашр эттирган бўлиб, у 8 июндан сотувга чиқади. Бу ҳақда Маркл ўзи ва шаҳзода Гарри томонидан асос солинган Archewell хайрия сайтида маълум қилди.

Фото: Legion Media

Баёнотда қайд этилишича, «Ўриндиқ» фарзанди Арчи дунёга келганидан бир ой ўтиб, турмуш ўртоғига Оталар куни (19 июнь)га бағишлаб ёзган шеъридан бошланган.

Penguin Random Ҳоусе нашрининг маълум қилишича, ота ва ўғил ўртасидаги муносабатлар онанинг кўзлари орқали ёритилган. Китоб 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган. Унинг қоғоз версияси нархи 18,99 долларни ташкил этади.

Маркл ушбу китобни ёзгани учун 500 минг фунт-стерлинг (700 минг АҚШ доллари) миқдорида аванс олади. Унинг биографи Анжела Левиннинг сўзларига кўра, Маркл ушбу маблағларни хайрияга йўналтирадими ёки йўқ, номаълум.

Фото: Archewell

Биограф, шунингдек, Маркл китобни чоп этишда герцогиня мақомидан фойдаланганини «қизиқарли» деб атаган, чунки у ва шаҳзода Гарри қироллик имтиёзларидан воз кечган.

Аввалроқ Шаҳзода Гарри Меган Маркл билан биргаликдаги Netflix учун биринчи лойиҳасини эълон қилганди.