Шавкат Мирзиёев 5 май куни «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат билан соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга қаратилган бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади.
Оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолияти йўлга қўйилади
Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штати ажратилади.
2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими такомиллаштирилади ва у 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилинади. Бунга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертлар жалб қилинади.
Оғир шароитли ҳудудллардаги тиббиёт бирлашмалари раҳбарлигига малакали раҳбар ходимлар ва мутахассислар жалб қилинади
Эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассислари шартнома асосида муайян муддатга жалб қилинади.
Ушбу раҳбар ходимлар ва мутахассисларга асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилади. Ушбу харажатлар ҳамда уларнинг уй-жой ижараси тўловларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Туман (шаҳар) шифохоналарининг дори воситалари, реактивлар ва тиббиёт ускуналари таъминоти яхшиланади
Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб, яна қўшимча 10 фоизи 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади.
Бундан бўшайдиган давлат бюджети маблағлари туман (шаҳар) шифохоналарининг дори воситалари, реактивлар ва тиббиёт ускуналари таъминотини яхшилашга ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида қўшимча койка фондини ташкил этишга йўналтирилади.
Ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари рўйхатига киритилади
Ҳамширалик иши 2022 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари рўйхатига киритилади. Бунинг учун улар ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.
Нодавлат тиббиёт ташкилотларига айрим фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади
2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган «мобил тиббиёт» хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат «тиббий пункт»ларини ташкил этишга рухсат берилади.
Бэпул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар ахборот технологияларини қўллаган ҳолда бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини жорий этади. Бунда эҳтиёжманд оилалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига мувофиқ аниқланади.
Имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари учун бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилади. У давлат бюджети, ССВнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади. Жамғарма маблағлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, уларни моддий рағбатлантириш тўловларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун йўналтирилади.
Изоҳ (0)