Буюк Британияда Елизавета II га тегишли Bentley Mulsanne сотувга қўйилди. Қиролича лимузиндан 2013—2015 йилларда фойдаланган бўлиб, кейинчалик Bentley компаниясига қайтарилган. Олти йил давомида машина дилерлардан бирида сақланган сабаб деярли йўл босмаган — 4010 километр, деб хабар беради Motor.
Bramley вакилининг маълум қилишича, Елизавета II га тегишли бўлган Bentley Mulsanne бошқа седанлардан у қадар катта фарқ қилмайди. Қироллик оиласига мўлжалланган автомобиль зирҳланмаган ёки махсус опциялар билан жиҳозланмаган.
«Қироллик» Mulsanne’си ҳеч қачон рўйхатга қўйилмагани, шунингдек, радиатор панжарасига кўк стробоскоплар (ёруғлик сигналлари) ўрнатилгани билан ажралиб туради. Интерьернинг ўзига хослиги — олд ўриндиқларнинг орқа томонига ўрнатилган шпонли столчалар. Қолган жиҳатлари билан Елизавета II нинг Bentley’си мутлақо стандарт.
Ноёб Bentley Mulsanne капоти остида 512 от кучи ва 1020 Нм айланувчи моментни тақдим этишга қодир 6,75 литрли V8 двигатели ўрин олган. Агрегат саккиз поғонали ZF автомат узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.
Bramley Motors қироличага тегишли бўлган Bentley учун 179 850 фунт стерлинг сўрамоқда, яъни ноёб седан стандарт Mulsanne’дан 100 минг фунтга қимматроқ.
Аввалроқ Бруней султонининг «кўп кўзли» суперкари 750 минг доллар нархда сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)